Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси мамлакат фуқароларини бир кун аввал Анқарадаги терактдан сўнг Туркияда жорий қилинган эҳтиёт ва хавфсизлик чораларига риоя қилишга чақирди.

Ўзбекистонликлардан жамоат жойларида, айниқса, аэропортлар, вокзаллар, автовокзаллар, кема станциялари, метро ва бошқа жамоат транспортларида ҳушёрликни ошириш сўралди.

Туркиядан чиқиб кетаётганлардан рўйхатдан ўтиш бошланишидан камида бир соат олдин аэропортларга етиб келиш тавсия этилди. Шубҳали буюм ёки шахслар тўғрисида яқин орадаги полиция ёки хавфсизликни таъминлаш бўлимларига (Özel güvenlik) мурожаат қилиш лозим.

23 октябрь куни Анқарадаги Turkish Aerospace штаб-квартирасига уюштирилган ҳужумда 5 киши ҳалок бўлди, 22 киши яраланди. Ҳужум қилганлардан икки нафари йўқ қилинди. Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая ҳужумга катта эҳтимол билан мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчи партияси (КИП) алоқадорлигини айтди. 24 октябрь куни Туркия ҳарбийлари Ироқ ва Суриядаги КИПга алоқадор марраларга ҳаво зарбалари берди.