Ўзбекистонда ҳар йили қишлоқ хўжалигида сувнинг 37−38 фоизи, яъни 18 миллиард куб метрга яқини тупроқ ўзанли канал ва ариқларда йўқолмоқда. Бу ҳақда Тошкентда бўлаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Темур Бутунбоев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Унинг қайд этишича, ҳозирда мамлакатда йирик магистрал каналлар салкам 30 минг километр (шундан, 11 минг километр қисми бетон қопламали), фермерлар ва деҳқонлар фойдаланадиган қуйи бўғиндаги каналлар узунлиги эса 135 минг километрни (40 минг километр қисми бетон қопламали) ташкил этади.
Тимур Бутунбаев / Фото: Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати
«Шу пайтгача йилига йирик каналларнинг 250−300 километр қисми бетонлаштирилар эди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил „каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил“ деб эълон қилингач, жорий йилда 1 минг километр магистрал каналларни бетонлашни мақсад қилганмиз. Мазкур ишлар учун давлат бюджетидан 500 млрд сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 200 млн доллар қўшимча хорижий инвестициялар ҳисобидан ҳам молиялаштириш кўзда тутилган. Бу борада катта иш қилиняпти, ўзимиз ҳам бетонлаштиришни тезлаштириш бўйича маълум бир даражада тажрибамизни орттиряпмиз», — деди вазир ўринбосари.
Бутунбоевнинг сўзларига кўра, каналларни бетонлаш жараёни суғориш мавсумида амалга оширилмайди, чунки бу даврда каналларда сув оқади. «1 апрелгача 550 километр масофани бетонлаб бўлдик. 1 октябрдан яна жараён давом этмоқда, йил якунигача буни 1 минг километрга етказиш режа қилинган», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, президент 2023 йил ноябрь ойида ўтказган йиғилишда бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлаб, бунда биринчи муҳим вазифа канал ва ариқларни бетонлаш бўлишини қайд этганди. Ҳисоб-китобларга кўра, энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир экани қайд этилган.