Миллатлар ҳамдўстлигига (ушбу ассоциация Буюк Британия ва унинг деярли барча собиқ ҳукмронликлари, мустамлакалари ва протекторатларини ўз ичига олади) аъзо бир қанча мамлакатлар ҳукумати раҳбарлари Буюк Британия томонидан 17−19 асрларда трансатлантик қул савдоси учун етказилган зарар учун товон тўлаш масаласини кўтаришни режалаштирмоқда, деб ёзди BBC News.

BBC’га дипломатик манбаларининг айтишича, расмийлар ушбу масала юзасидан «мазмунли суҳбат» бошлашни ўз ичига олган келишув бўйича музокаралар олиб бормоқда. Натижада Буюк Британия бошқа мамлакатларга товон пули сифатида миллиардлаб фунт қарздор бўлиши мумкин, дейилади материалда.

Багама ороллари ташқи ишлар вазири Фредерик Митчелл BBC’га шундай деди: «Мавзу кўтарилганда, одамлар буни жиддий қабул қилиши учун вақт керак бўлиши мумкин, аммо бу амалга ошади».

Репарация турли шаклларда бўлиши мумкин, дея тушунтирди BBC, у молиявий репарация, қарздан кечиш, расмий узр сўраш, таълим дастурлари, музейлар ташкил этиш, иқтисодий ёрдам ва соғлиқни сақлаш ёрдами бўлиши мумкин.

Даунинг-стрит эса жума куни Тинч океанидаги орол-давлат Самоада бошланадиган Ҳамдўстлик саммити кун тартибида товон масаласи йўқлигини таъкидламоқда.

Бироқ BBC саммит баёнотининг жорий лойиҳасини танишиб чиқишга муваффақ бўлди, унда шундай дейилган: «[Давлат ва ҳукумат раҳбарлари] қул бўлган африкаликларнинг трансатлантик савдоси ва улар меҳнатининг эксплуатация билан боғлиқ репарация бўйича адолатни муҳокама қилиш чақириқларини эътиборга олиб,… адолатга асосланган умумий келажак сари мазмунли, тўғри ва ҳурмат асосидаги мулоқот вақти келганига рози бўлди».

Матн якуний эмас ва Ҳамдўстлик етакчилари саммитга келганидан кейин ўзгариши мумкин, дея таъкидлайди BBC. Британия расмийлари бу масала бўйича алоҳида декларация қабул қилинишига тўсқинлик қилишга муваффақ бўлолди холос.

Буюк Британия коммюникеда репаратив одил судловга ҳавола бўлишини истамаганди, аммо энди уни Ҳамдўстлик позициясини акс эттирувчи учта тўлиқ параграфни ўз ичига олган ҳолда қабул қилиши керак.

Дипломатлар фикрича, икки йилдан сўнг Кариб ҳавзаси давлатларидан бирида (эҳтимол Антигуа ва Барбудада) бўлиб ўтадиган Ҳамдўстликнинг навбатдаги саммитида репаратив одил судлов масаласи кун тартибида бўлиши кутилмоқда.

Ўтган йили Ғарбий Ҳиндистон университети томонидан чоп этилган ва БМТ Халқаро суди судьяси Патрик Робинсон томонидан қўллаб-қувватланган докладда Британия Кариб денгизида жойлашган 14 та мамлакатдаги қуллик ҳолатларидаги роли учун 18 триллион фунт стерлингдан ортиқ компенсация тўлаши керак, деган хулосага келинганди.