Тошкент шаҳрида дренаж тизимини яхшилаш учун 6 миллиард сўм ажратилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов томонидан 22 октябрь куни имзоланган қарорда келтириб ўтилган.

Маълум қилинишича, ушбу маблағлар ёғингарчилик даврида сув тошқини хавфини камайтириш мақсадида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига ажратилади.

Давлат молиявий назорати инспекцияси Тошкент шаҳар бошқармаси ажратилган маблағларни мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатиши белгиланган. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Хайдаров зиммасига юкланган.

Қарорда келтирилишича, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори билан 2024 йилда пойтахт дренаж тизимини яхшилаш учун 20 миллиард 400 миллион сўм йўналтирилиши белгиланган. Ҳокимлик ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 6 миллиард сўм айнан шу белгиланган миқдор ҳисобидан ажратилган.

Маълумот ўрнида, Тошкентда ёғингарчилик мунтазам равишда тошқинга олиб келади. Шаҳар ҳокимияти кўп йиллардан бери дренаж тизимини таъмирлаш ҳақида гапириб келмоқда. 2014 йил май ойидаги кучли ёғингарчиликдан сўнг 2015 йил февраль ойида ҳукумат қарори билан шаҳарда фавқулодда вазиятлар юзага келганда ерости ва ерусти сув оқимларининг барқарор ишлашини таъминлаш концепцияси тасдиқланганди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 21 октябрдаги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига доир йиғилишда Тошкент шаҳридаги дренаж тизимини танқид қилганди. Давлат раҳбари дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирди ва яқинда юз берган кучли ёмғир «ҳақиқий аҳволни кўрсатганини» қайд этган.

Унинг таъкидлашича, дренажни тўғрилашнинг ўзи етарли эмас, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини яратиш ва дарахтларни суғоришга ишлатиш мақсадга мувофиқ. Йиғилишда пойтахтдаги туман ҳокимлари жойига чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни тепасида туриб ўзи ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилганди.