Суперлига 21-туридан ўрин олган «Локомотив» — «Бунёдкор» учрашуви давомида ички ишлар органлари ходимлари ва Профессионал футбол лигаси расмийи ўртасида келишмовчилик юз берди.
ПФЛ матбуот хизматининг маълум қилишича, баҳсли вазият оқибатида, туман ИИБ бошлиғининг оғзаки кўрсатмасига кўра, Суперлига ўйинида фаолият олиб бораётган VAR машинаси ҳамда стадион ҳудудидаги учрашув расмийларига қарашли автомашиналарни мажбурий равишда стадион автотураргоҳидан олиб чиқиш учун эвакуатор жалб этилган.
Шундан кейин лига комиссари Қудрат Мадрайимов бундай ҳолатда учрашувни давом эттириб бўлмаслигини, машиналар махсус рўйхат бўйича киритилганини тушунтиришга уринган вақтида унинг телефони олиб қўйилган. Шунингдек, комиссар гўёки ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармагани рўкач қилиниб, стадиондан олиб чиқилган. Ҳакамлар ўйинни давом эттиришдан бош тортиб, бу ҳақда жамоаларни огоҳлантирган.
Championat.asia маълумотларига кўра, комиссар машинага ўтказилиб, бўлинмага олиб кетилган. Ассоциация ҳамда лига раҳбариятининг мурожаатларидан сўнг у стадионга қайтарилган. Ўйиннинг иккинчи бўлими 32 дақиқа кеч бошланган.
ПФЛ комиссар билдиргиси асосида мазкур ишни ўрганиб чиқишини маълум қилди. Шунингдек, Дўстлик стадиони, «Локомотив» ва «Бунёдкор» клуби расмийлари ҳам бу борада ўз позициясини тақдим этади.
«Шундан сўнг лига ички ишлар органи ходимларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб юқори турувчи ташкилотга мурожаат киритади», — дейилади хабарда.
Тошкент вилояти ИИББнинг муносабат билдиришича, ҳолат тўлиқ назоратга олинган. Жараёнда ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланиб, қўшимча ўрганилмоқда.
Ташкилот айбдорлик даражасидан келиб чиқиб, камчиликка йўл қўйган ходимларга нисбатан қонуний таъсир чоралари кўрилишини маълум қилди. Бундан ташқари, бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун ходимлар ўртасида «оммавий тадбирларда жамоат тартибини сақлаш» йўналиши бўйича юқори малакавий ўқув режалари жорий қилинади.