Қозон шаҳрида 22−24 октябрь кунлари ўтаётган БРИКС бирлашмаси давлатларининг XVI саммити доирасида Қозон декларацияси қабул қилинди.

брикс, қозон декларацияси

БРИКС бирлашмаси 2006 йилда ташкил этилган. Ҳозирда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Миср ва Эфиопия унинг аъзоларидир.

Декларация — саммитнинг асосий ҳужжати

Ҳужжат 40 саҳифадан ортиқ ва 134 банддан иборат. Қозон декларациясидаги асосий жиҳатлар:

  • БРИКС мамлакатлари кўп қутбли дунё тузилиши тарафдори.
  • Ноқонуний санкциялар ва бошқа бир томонлама ноқонуний чоралар жаҳон иқтисодиётига, халқаро савдога ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга салбий таъсир кўрсатмоқда. БРИКС мамлакатлари бу босим воситасига қатъиян қарши.
  • БРИКС мамлакатлари космосда қуролланиш пойгасининг олдини олиш тарафдори, космосда хавфсизлик бўйича ҳужжат ишлаб чиқиш керак, деб ҳисоблайди.
  • Давлатлар Яқин Шарқда ядро қуролини ёймаслик ва ядро қуролидан холи ҳудуд тартибини мустаҳкамлашга чақирмоқда.
  • Мамлакатлар дунёнинг турли минтақаларида зўравонликнинг кучайиши ва қуролли можароларнинг давом этаётганидан хавотирда ва низоларни дипломатия, воситачилик, ҳар томонлама мулоқот ва маслаҳатлашувлар орқали тинч йўл билан ҳал қилишга содиқ.
  • БРИКС аъзолари Яқин Шарқда можаро кучайиб бораётганидан хавотирда ва Ғазодаги ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, барча гаровга олинганларни олдиндан ҳеч қандай шартларсиз озод қилиш тарафдори ҳамда Исроилнинг Фаластиндаги гуманитар пунктлар ва инфратузилма объектларига қарши ҳужумларини қоралайди. Шунингдек, 1967 йилги чегаралардаги Фаластин давлатининг БМТга қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди.
  • БРИКС мамлакатлари Эрон билан ядровий битимни қайта тиклаш зарур деб ҳисоблайди.
  • Декларацияда Украинадаги вазиятга нисбатан миллий позициялар эслатиб ўтилган ҳамда «мулоқот ва дипломатия орқали можарони тинч йўл билан ҳал қилишни таъминлашга қаратилган воситачилик бўйича таклифлар» қайд этилган.

«БРИКС ЯИМ ўсиши бўйича «Катта еттилик»дан ўзиб кетишга тайёрланмоқда»

Владимир Путин кенгайтирилган таркибдаги йиғилишда БРИКС мамлакатларининг «Катта еттилик»дан иқтисодий устунлигини эълон қилиб, бу бўйича статистик маълумотлар келтирди.

«2024 йил якунларига кўра, БРИКС мамлакатларининг харид қобилияти паритети бўйича улуши 36,7 фоизни ташкил этади, бу „еттилик“ мамлакатлари улушидан сезиларли даражада юқори, уларнинг улуши 30 фоизни ташкил этади. 30% 2023 йил якунлари бўйича эди, 2024 йилда бироз юқори бўлади», — деди Путин.

Путин долларни «бошқа одамлар» фойдаланадиган қурол деб атади

Россия президентининг фикрича, доллардан сиёсий мақсадларга эришиш воситаси сифатида фойдаланиш шундай йўл тутганлар учун хатодир.

«Доллар қурол сифатида ишлатилади. Ҳа, биз буни кўриб турибмиз. Ўйлайманки, бу шундай қилганларнинг катта хатоси, чунки доллардан фойдаланиш — у ҳали ҳам жаҳон молиясидаги энг муҳим восита — сиёсий мақсадларга эришиш воситаси сифатида ушбу валютага бўлган ишончни пасайтиради ва унинг имкониятларини камайтиради,» — деди Путин.

Қозонда бўлиб ўтаётган БРИКС саммити чоғида Россия президенти Владимир Путинга БРИКСнинг рамзий банкнотаси совға қилинди.Фото: brics-russia2024.ruҚозонда бўлиб ўтаётган БРИКС саммити чоғида Россия президенти Владимир Путинга БРИКСнинг рамзий банкнотаси совға қилинди.
Фото: brics-russia2024.ru

Россия эмас, «бошқа одамлар» шундай қилмоқда, дея таъкидлади у. «Ушбу вазиятда Россия муқобил вариантларни излашга мажбур. Биз доллар билан курашаётганимиз йўқ», — деб таъкидлади Путин.

Шунингдек, ҳужжатда таъкидланишича, мамлакатлар БРИКС давлатлари ва уларнинг савдо ҳамкорлари ўртасида миллий валюталардан фойдаланишни маъқуллайди.

Хитой Украина можаросига мой сепмасликка чақирди

ХХР раиси Си Цзиньпин имкон қадар тезроқ ҳал қилиниши керак бўлган глобал масалалар бўйича Хитойнинг позициясини билдирди. Бунда гап Украина можароси ва Яқин Шарқдаги кескин вазият ҳақида кетди.

брикс, қозон декларацияси

Хитой етакчиси тинчлик ҳамда БРИКС мамлакатлари умумий хавфсизлик ҳимоячиси бўлиши кераклиги ҳақида гапирди. У Украина можаросининг алангасига мой сепмасликка, унинг учинчи мамлакатларга тарқалишига йўл қўймасликка чақирди.

«Биз учта тамойилга қатъий амал қилишимиз керак: жанговар ҳаракатлар кенгайиши оқибатида ножўя таъсирларга йўл қўймаслик, эскалацияга, шунингдек, кескинликни кучайтиришга туртки бўладиган ҳаракатларга йўл қўймаслик,» — деди у.

Хитой етакчиси, шунингдек, Фаластин масаласини ҳал қилишга ва Ғазо сектори ҳамда Ливанда ўт очишни тўхтатишга чақирди. Позиция ҳам декларацияда ўз аксини топди.

Ҳиндистон кўп қутблилик ва БРИКСнинг кенгайиши тарафдори

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди кўп қутблилик ҳақида гапирди. БРИКС — бу келишмовчиликларни тарқатиш учун тузилган гуруҳ эмас, балки умумий манфаатларни ифодаловчи бирлашмадир, деди Моди.

брикс, қозон декларацияси

Моди иттифоққа янги аъзо бўлган мамлакатларни олқишлади. «Бугун биз БРИКСнинг кенгайган оиласи сифатида илк бор учрашаётганимиздан жуда хурсандман. БРИКС оиласига қўшилган барча янги дўстларни самимий қутлайман. Мен президент Путинни сўнгги бир йил давомида Россиянинг БРИКСга муваффақиятли раислиги билан табриклайман», — дея қўшимча қилди Ҳиндистон ҳукумати раҳбари.