Президент фармони билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга кўра, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси агентликка ўтказилади ва унинг негизида Миграция жамғармаси ташкил этилади.

Агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

2025 йил 1 январдан агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади. Шу муддатдан бошлаб унинг зиммасига ҳар қандай текшириш натижаси бўйича тузилган баённомалар, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари сони ва хусусияти ҳақидаги маълумотларни мажбурий тартибда 5 кунда «Xorijda ish» электрон дастурига жойлаштириб бориш мажбурияти юкланади.