1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинадиган автомашиналар Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги полигонда тўлиқ синовдан ўтказилади. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.
Келтирилишича, ушбу ҳаракат хавфсизлик даражасини ошириш ва мамлакатга олиб кирилаётган транспорт воситаларининг сифатини яхшилашга қаратилган.
«Чет элдан машина олиб келинган тақдирда Пискентдаги полигонда 3 ойлик синов амалга оширилади. Бизнинг ёзимиз, қишимиз, кузимиз бор. Машиналарни 15 минг км юрдириб, мувофиқлик сертификати берамиз. Бу талаб кафолат нуқтаи назаридан айтилмоқда», — дейилади хабарда.
Агентлик раҳбари ўринбосари Одилжон Тоҳировнинг айтишича, ташкилот ўтказаётган синовлар халқаро даражада тан олинади.
«Бунинг учун БМТнинг транспорт соҳасига оид қоидаларини амалиётга киритамиз. Ушбу қоидалар асосида синовларни ўтказиш фақатгина халқаро ISO ташкилотининг (International Organization for Standardization) стандартлари ва Европа директивалари асосида амалга оширилади. Ҳар бир транспорт воситасини текшириш ёки уларга турини маъқуллаш ҳужжатини расмийлаштириш орқали хавфсизлик ҳам таъминланади ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқи ҳам ҳимоя қилинади», — деди у.