«Док-1 Макс» ишида айбдор деб топилган собиқ амалдор Сардор Кариевнинг оиласи яшаб турган уй ҳам МИБ томонидан хатланди. «Daryo.uz»нинг хабар беришича, Кариевнинг хотини ҳолат юзасидан судга ариза киритган.

Мажбурий ижро бюроси ходимининг судда маълум қилишича, бюро «Док-1 Макс»дан жабрланганларга суд томонидан белгиланган салкам 76 миллиард сўмлик товон пулларини ундириш ҳаракатини давом эттирмоқда.

МИБ ходими Кариевнинг номида иккита уй борлиги ва унинг мулкий аҳволи яхши эканини билдириб, ундириш имкони йўқ деб қайтаришга асос мавжуд эмаслигини билдирган.

Ўз навбатида, Кариевлар оиласининг адвокатларидан бири МИБ ходимининг бу гапига эътироз билдириб, «Битта уй бўлса сотувга чиқариш мумкин эмас, лекин иккита-учта уй бўлса ҳаммасини олиш керак деганимаску?», дея таъкидлаган. Кариевнинг турмуш ўртоғи хатланган мулклардан фақатгина ўзи ва болалари яшаб турган уйни қолдиришни сўраган.

«Бу иш бўйича 22−23 киши судланган. Ҳозир яна қўшилди. Кариевдан бошқа бирортаси ҳали товон пулини тўламади. Жабрланувчиларга бошқа ҳеч ким ёрдам бергани йўқ», — деди оиланинг адвокатларидан бири.

Маълум бўлишича, жабрланувчиларга товон пулини тўлаш судланувчиларнинг 7 нафари зиммасига юклатилган. МИБ ундирувни айни пайтда очиқда қолган 2 нафар судланувчининг ойлик маошига қаратганини, уйидаги мол-мулклари хатланганини очиқлади.

«Zamon» информацион дастурида хабар берилишича, жабрланувчилар белгиланган товон пули тўлиқ ундирилмаганидан норози бўлмоқда. Улар нафақат Кариевнинг, балки қолган 6 нафар айбланувчиларнинг номидаги мол-мулкларини хатлаб, товон пули ундирилиши кераклигини таъкидлаган.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири в.б. Асилбек Худаяров «Док-1 Макс» иши сабаб ногирон бўлиб қолган болаларга «кафолатланган тиббий ёрдам» кўрсатилаётганини айтган. У журналистларда боласини даволашда ёрдам ололмаётган ота-оналарнинг эътирозларига доир маълумотларни шахсан тақдим этишни сўраган.

Кейинроқ «Док-1 Макс» сабаб ногирон бўлган боланинг отаси ССВ раҳбари жамоатчиликка ёлғон маълумот берганини айтди. Фарзанди 2022 йил декабрь ойида «Док-1 Макс»дан заҳарланган ва 65 кун комада ётган 5 ёшли Алибек Ўктамовнинг отаси Феруз Нуритдиновнинг айтишича, вазир жамоатчиликка ёлғон маълумот берган.

Унинг таъкидлашича, вазирнинг бу гапидан сўнг кўпчилик ота-оналар вазир билан кўришиш ниятида юрибди. Жабрланувчининг қўшимча қилишича, у фарзандини даволатиш учун айни кунга қадар сотилган уйи ва яқинларидан олинган қарзлари эвазига тўпланган катта миқдордаги маблағини сарфлаб бўлган.