Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 23 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади. Ҳужжат имзолаш учун президентга юборилади.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров амалдаги қонун 1993 йилда қабул қилингани боис «бу соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати» борлигини таъкидлади.

Унга кўра, қонуннинг амалдаги таҳририда давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасидаги органларнинг ваколатлари, махфийлик даражаси, маълумотларни махфийлаштириш ва давлат сирларидан фойдаланишга рухсат бериш муддатлари белгиланмаган. Шу сабабли давлат сирларидан фойдаланиш ва муомала қилишнинг ҳуқуқий асослари турлича талқин қилинади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг махфий қарорлари асосида давлат сирлари билан ишлаш ва уларни муҳофаза қилиш, махфийликни таъминлаш ва махфий режимда ишлашни тартибга солиш тартиби тасдиқланди.

Ушбу қарорларнинг махфийлиги сабабли Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқларини етарли даражада билмасликларига олиб келмоқда, деди сенатор.

Мадумаровнинг таъкидлашича, амалдаги қонунда давлат сирлари билан танишиш учун рухсат бериш тартиби, махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати, давлат сирларини бошқа давлатлар билан ўзаро алмашиш механизми ҳам тартибга солинмаган.

Унинг сўзларига кўра, қонунчиликдаги бу камчиликларни бартараф этиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати «Давлат сирларига оид Ўзбекистон Республикаси қонуни»нинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ҳужжатда давлат сирларини сақлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати президент томонидан белгиланиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва давлат сирларидан фойдаланувчи бошқа ташкилотларнинг соҳадаги ваколатларини аниқ белгилаб берилмоқда. Амалдаги қонунга кўра, ваколатларни фақат Давлат хавфсизлик хизмати белгиларди.

Давлат сирларига киритилган маълумотлар тўрт тоифага бўлинади:

  • ҳарбий соҳа;
  • ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий соҳалар;
  • разведка ва тезкор қидирув фаолияти йўналишлари;
  • иқтисодиёт, таълим, фан ва техника соҳаларига доир маълумотлар.

Ушбу рўйхат ҳукуматнинг 1994 йилги қарори билан тасдиқланган йўриқномада махфий қилиб берилган, деди сенатор.

Толибжон Мадумаров янги қонунда фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат сирлари билан танишишини таъминлаш асослари, рухсат беришнинг алоҳида тартиби ва рухсат беришни рад этиш асослари белгилаб берилганини маълум қилди.

Давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи ўн саккиз ёшга тўлган шахсларга берилади. Ўзбекистон фуқароси бўлмаганларга эса рухсатнома халқаро шартномалар ва Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ берилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, давлат сирлари билан ишлаш ҳуқуқи тугатилгандан сўнг республикада хорижга чиқиш тартиби ва давлат сирларини махфийлаштириш, махфийликдан чиқариш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг мазкур йўналишда билим кўникмаларни ошириш учун ўқув курсларини ташкил этиш режа қилинган.

Махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати ва ушбу маълумотларни махфийлаштириш бўйича асоссиз қарор қабул қилинганлик ҳолатларида жавобгарлик белгиланади. Фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таъсир соладиган ахборотларни давлат сирларига киритилиши ман этилади. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган таҳрирда фавқулодда вазиятлар, жиноятчилик даражаси, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва шу каби бошқа маълумотларни ушбу рўйхатга киритиш кўзда тутилганди.