Туркия Анқарадаги Turkish Aerospace (TUSAŞ) штаб-квартирасига қилинган ҳужумга жавобан Ироқ ва Суриядаги Курдистон ишчи партияси (КИП) билан боғлиқ объектларга ҳаво зарбалари берди, деб хабар қилмоқда Reuters.

Расмийларнинг аниқлик киритишича, ҳужум оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 22 киши яраланган. Ҳужум қилганлардан иккитаси ўлдирилган. Туркия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерликая ҳужумга мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчи партияси алоқадор бўлиши мумкинлигини айтди. Теракт учун ҳозирча ҳеч ким расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Кейинроқ Ерликая махсус хизматлар томонидан йўқ қилинган теракт ижрочиларидан бирининг шахси аниқланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу Рожер лақабли Али Орек бўлиб, у Курдистон ишчи партияси аъзоси бўлган. Иккинчи ҳужумчи аёлнинг шахсини аниқлаш давом этмоқда.

Туркия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари Ироқ ва Сурия шимолида 32 та объектни йўқ қилган. Daily Sabah махсус хизматлардаги манбасига таяниб, ҳаво ҳужумлари ҳарбий, энергетика ва инфратузилма объектларига, шунингдек, ўқ-дорилар сақланадиган омборларга қаратилганини маълум қилди.

  • TUSAŞ — Туркиянинг асосий аэрокосмик компанияси бўлиб, 1973 йилда ташкил этилган. Унда тижорий фойдаланиш ва ҳарбий эҳтиёжлар учун самолётлар, вертолётлар, дронлар ва космик сунъий йўлдошлар ишлаб чиқарилади.