Президент 22 октябрь куни «Агросаноат мажмуида давлат назорати тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПФ-164-сонли] фармонни имзолади. Бу ҳақда Telegram`даги Huquqiy axborot каналида хабар берилди.

Ҳужжатда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (Ўзагроинспекция) Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди. Ташкилот 2022 йилда президент фармони билан Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувидан олиниб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилганди.

Янги фармон билан Ўзагроинспекцияга қўшимча вазифалар юкланди. Унга кўра, ташкилот буғдойни қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга юклаб жўнатиш жараёнида юзага келадиган табиий камайиш миқдорини ҳисобдан чиқаришни назорат қилади.

Буғдой етиштирувчилардан харид қилинадиган буғдойни қабул қилиш ва сотиш жараёнларида стандарт талабларига кўра сифат кўрсаткичлари бўйича (мувофиқлик сертификати) ҳамда буғдой синфлари (сифат сертификати) бўйича сертификатлашни назорат қилади.

Шунингдек, импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларида гени модификацияланган организмларнинг (ГМО) мавжудлигини аниқлайди.

Барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати устидан назорат ҳам инспекция вазифаларига киради. Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини мажбурий ва даврий синовдан ўтказиш ҳам назорат қилинади.

Инспекция томонидан соҳада давлат назоратини амалга ошириш ва ҳисоботларни юритиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.