Ўзбекистон келгусида БРИКСдаги фаолиятини аста-секин чуқурлаштириб, унга аъзо давлатлар билан ҳамкорликни тубдан ривожлантиради. Бу ҳақда Тошкентда бўлаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 25 октябрь куни Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳром Аълоев «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.
«Куни кеча ҳурматли президентимиз Қозонда ўтказилган БРИКС саммитида иштирок этиб, у ерда нутқ сўзлади. Ўзбекистон БРИКС фаолиятида фаол иштирок этишга қарор қабул қилди ва келажакда, албатта, БРИКСдаги фаолиятини қадамма-қадам янада чуқурлаштиришга ҳаракат қилади», — деди у.
Унинг қайд этишича, бугунги кунда дунёда БРИКС нуфузи тобора ошиб, унга аъзо бўлиш ёки ҳамкорлик қилиш истагидаги давлатлар сони ортмоқда. «Биз ҳам шу йўлдан боряпмиз ва келгусида албатта, аъзо мамлакатлар билан алоқаларимизни тубдан ривожлантирамиз. Бунда асосий эътибор савдо иқтисодий, инвестиция, транспорт, яшил энергетика, рақамлаштириш соҳаларидаги ҳамкорлигимизга катта урғу берилади», — деди Баҳром Аълоев.
Аввалроқ, Қозонда бўлиб ўтган БРИКС саммити якунида 13 давлат бирлашманинг ҳамкор давлатлари мақомини олиши кутилаётгани, улар орасида Ўзбекистондан ташқари, Туркия, Қозоғистон, Жазоир, Беларусь, Боливия, Куба, Индонезия, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда ва Вьетнам ҳам борлиги ҳақида хабар берилган эди.
Иттифоқ сўнгги бор 2024 йил январида кенгайган, ўшанда унга тўртта давлат — Миср, Эфиопия, БАА ва Эрон ҳам қўшилган.
БРИКС (инглизча BRICS — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР номларининг бош ҳарфлари) 2006 йил июнь ойида Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой иқтисодиёт вазирлари иштирокида Санкт-Петербург иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган.