Ўзбекистон ички ишлар органлари тизимида «кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар» давом этади, деди президент Шавкат Мирзиёев ходимлар ва фахрийларни касб байрами билан табриклаган нутқида.
«Бугунги шиддатли тараққиёт асрида ички ишлар органларининг кундалик фаолиятини инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқларига таянган ҳолда ташкил этиш — мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлмоқда», — деди давлатимиз раҳбари.
«Янги турдаги жиноятлар ҳамда ахборот воситалари ёрдамида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда таъсирчан механизмларни қўллаш, криминоген вазият бўйича „қизил“ тоифада бўлиб келаётган маҳаллаларда илмий ёндашувлар асосида жиноятчиликни жиловлаш юзасидан манзилли иш олиб боришимиз, тергов сифатини ошириш орқали аҳоли ўртасида бу соҳада адолатга бўлган қатъий ишончни шакллантиришимиз лозим», — дея таъкидлади у.
«Мухтасар айтганда, ички ишлар тизимидаги ўзгаришларнинг амалий натижасини халқимиз ўз кундалик ҳаётида доимо сезиши, ҳис этиши шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ички ишлар ходимларининг «мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик, осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги хизматлари» ҳамда ички ишлар органларини «ўз мамлакати ва халқи манфаатларига хизмат қилувчи чинакам халқчил профессионал тузилмага» айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этди.
«Сўнгги йилларда барча маҳаллаларда хавфсиз, тинч ва осойишта муҳит яратиш, ҳудудларда илғор тажриба ва амалиётларни жорий этиш бўйича муҳим натижаларга эришилди», — деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг учун профилактика, пробатсия ва патруль-пост хизмати инспекторлари фаолиятига рақамли технологиялар жорий этилиб, ходимларнинг билим даражаси оширилмоқда.
«Ёш авлодимизнинг соғлом ҳаёти ва келажагини таъминлаш учун гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларда бундай воситаларга нисбатан кучли иммунитетни шакллантириш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасига, айниқса, интернет тармоқлари орқали тарқалишига чек қўйишга қаратилган миллий стратегиямизни қабул қилдик ва уни қатъий ижро этишга киришдик» — деди давлат раҳбари.
Ички ишлар ходимлари куни муносабати билан президент бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Хусусан, Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари (1991−2006) Зокиржон Алматовга «Хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони берилди.