Космик фан ва технологияларнинг ютуқлари ҳамда инсоният ҳаётини яхшилашга қўшган ҳиссасини халқаро даражада нишонлаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Бутунжаҳон космос ҳафталигида бу йил илк бор Ўзбекистон ҳам қатнашди. Бундай тадбирни ўтказиш ғояси БМТнинг 1999 йили Венада бўлиб ўтган Космик фазодан тинч мақсадда тинчлик мақсадида фойдаланиш ва тадқиқ этиш бўйича учинчи конференциясида ўртага ташланган.

Шундан бери ҳар йили 4−10 октябрь кунлари бутун дунёда космос ҳафталиги нишонланади. Бу саналар бежиз танланмаган: 1957 йил 4 октябрь куни СССР Ернинг илк сунъий йўлдошини учирган, 1967 йилнинг 10 октябрида эса АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи «Космосни тадқиқ этиш бўйича давлатларнинг фаолиятлари тамойиллари тўғрисидаги битим»ни имзолаган. Тадбирда космик агентликлар, аэрокосмик компаниялар, мактаблар, планетарийлар, музейлар ва астрономия клублари қатнашади. Ҳар йил учун маълум бир мавзу танланиб, барча фаолликлар шу мавзу атрофида уюштирилади.

Фото: «Ўзбеккосмос» агентлигиФото: «Ўзбеккосмос» агентлиги

Бу йил «Ўзбеккосмос» агентлиги бошқа ҳамкорлар билан биргаликда учинчи бор NASA Space Apps Challenge хакатонини ўтказди. Мусобақалар Тошкентдаги Турин политехника университетида бўлиб ўтди. Тадбир биринчи марта Бутунжаҳон космос ҳафталиги доирасида ташкил ўтказилди. Маълумот учун, NASA томонидан бундан 12 йил аввал йўлга қўйилган ушбу ташаббус ҳар йили жаҳоннинг 185 мамлакатидан 280 мингдан зиёд ёшларни жамлайди.

Энг йирик космик хакатонни ўтказишдан кўзланган мақсад — истеъдодларни саралаб олиб, уларни қўллаб-қувватлаш, глобал мавзулар бўйича дунёқарашни кенгайтириш ҳамда янги космик лойиҳаларни халқаро майдонда тарғиб қилиш.

Ўзбекистонда бундай хакатонларнинг биринчиси 2022 йили «Ўзбеккосмос» ташаббуси билан Inno Technopark бизнес-марказида ўтказилган эди. Унда 30 жамоа — умумий ҳисобда 130 га яқин киши қатнашганди. Улар ишлаган лойиҳалар космик биология, радиоалоқа, Ер иқлимини коинотдан туриб кузатиш ва бошқа шу каби мавзуларга алоқадор эди.

Фото: «Ўзбеккосмос» агентлигиФото: «Ўзбеккосмос» агентлиги

«NASA Space Apps Challenge хакатонида қатнашиш Ўзбекистон жамоаларига нафақат халқаро майдонда ўзини кўрсатиш, шу билан бирга NASA’нинг очиқ маълумотларидан фойдаланган ҳолда глобал муаммолар учун ечимлар таклиф этиш имконини ҳам беради. Бу тадбир истеъдодларни ва Ўзбекистоннинг космик соҳаси учун бўлажак салоҳиятли мутахассисларни аниқлаш майдончаси бўлиб хизмат ҳам қилади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда бу соҳанинг ривожланишига, ёшларнинг космик тадқиқотлар ва инновацияларга қизиқиши ошишига кўмаклашади», — дейди Ўзбекистондаги хакатон ташаббускори Аҳрор Аъзамов.

Фото: «Ўзбеккосмос» агентлигиФото: «Ўзбеккосмос» агентлиги

Хакатон ёши, жинси, таълим даражаси ва яшаш жойидан қатъи назар, барча хоҳловчилар учун очиқ бўлиб, унда иштирок этиш учун қуйидаги шартларни бажариш керак эди:

  • NASA Space Apps Challenge расмий сайтида рўйхатдан ўтиш;
  • 2−6 кишидан иборат жамоа шакллантириш ёки мавжуд бирор жамоага қўшилиш;
  • NASA экспертлари томонидан хакатон иштирокчилари олдига қўйилган 20 та долзарб вазифа рўйхати билан танишиб чиқиб, улардан бирини ишлаш учун олиш;
  • NASA маълумотлари ва бошқа очиқ ресурслардан фойдаланган ҳолда, 48 соат ичида танланган вазифани ечишга йўналтирилган лойиҳани ишлаб чиқиш;
  • Танланган вазифадан келиб чиққан ҳолда, ўзида дастурлар ишлаб чиқиш, визуализациялар тайёрлаш, маълумотларни таҳлил қилиш, таълим материалларини тайёрлаш ёки бошқа инновацион ечимларни жамлаган лойиҳани тақдим этиш.

«Бу йилги хакатонда космос ва экзосайёралар ҳақида интерфаол таълим воситаларини ишлаб чиқишдан тортиб иқлим ва атроф-муҳит ҳақидаги маълумотларни визуаллаштиришга имкон берувчи дастурларни ишлаб чиқишгача хилма-хил вазифалар қўйилди. Баъзи жамоалар космос мавзусидаги ўйинлар тайёрлаш ёки бошқа сайёралардан олинган сейсмик маълумотларни таҳлил қилиш имконини берувчи воситаларни ишлаб чиқиш устида бош қотирди. Иштирокчилар ўз ижодкорликлари, техник кўникмалари ва илмий маълумотлар билан ишлай билиш маҳоратларини намойиш этишлари керак эди», — дейди Аҳрор Аъзамов.

Фото: «Ўзбеккосмос» агентлигиФото: «Ўзбеккосмос» агентлиги

NASA Space Apps Challenge 2024 уч босқичда бўлиб ўтади. Ўзбекистондаги хакатон амалда халқаро мусобақа учун саралаш босқичи вазифасини ўтайди. Миллий босқичдаги бош мукофот — ўз лойиҳаларини якуний глобал босқичда тақдим эта олиш имкониятидир. Финалчилар NASA’нинг тадқиқот марказларига таклифнома олади ҳамда мутахассислар билан фикр алмашиб, уларнинг илмий ишланмалари билан танишиши мумкин бўлади. 2025 йил бошида АҚШда бўладиган маросимда уларга турли совринлар, хусусан, Global Winner бош мукофоти ҳам топширилади.

Фото: «Ўзбеккосмос» агентлигиФото: «Ўзбеккосмос» агентлиги

2023 йили 9 минг жамоа иштирокида бўлиб ўтган халқаро босқичда Ўзбекистондан қатнашган икки гуруҳ энг яхши лойиҳа тақдим этганларнинг кучли 550 талигига киришга муваффақ бўлган, улардан бири эса ҳатто 40 таликдан ўрин олганди.

Бу йил 160 ўзбекистонлик 35 жамоага бўлинган ҳолда ғолиблик учун кураш олиб борди. Улардан 15 таси финалга чиқди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, бешта жамоа хакатоннинг миллий босқичи ғолиби деб топилди, улардан учтаси — PhDs, Open Community ва AvocadOS глобал босқичга чиқди, қолган иккитаси — Galaxy Elite ва Geek Armageddon эса маҳаллий даражада эътироф этилди.

Тошкентдаги Sehriyo хусусий мактаби ўқувчиси ва Galaxy Elite жамоаси аъзоси 14 ёшли Максим Солиҳов — хакатон ғолибларидан бири. У жамоадошлари билан бирга астрономия бўйича интерфаол дарслик лойиҳасини ишлаб чиққан. Унда мураккаб физик ҳодисаларни яққол тушунтириш учун қўшилган реаллик (AR) технологиялардан фойдаланилган.

Galaxy Elite жамоаси аъзоси Максим Солиҳов. Фото: «Ўзбеккосмос» агентлиги.Galaxy Elite жамоаси аъзоси Максим Солиҳов. Фото: «Ўзбеккосмос» агентлиги.

«Хакатондан бир йил аввал мактабда астрономия бўйича тест синовлари бўлганди, ўшанда кўпчилик ўқувчиларда бу борада ҳатто базавий билимлар ҳам йўқлиги маълум бўлганди. Аксига олиб, бу фан бизга алоҳида ўргатилмайди ҳам. Биз бу вазиятни тузатишга қарор қилиб, 5−7-синф ўқувчилари учун дарслик тайёрладик. Бу дарсликнинг ўқув дастури уч қисм — астрономия, инженерия ва AR-технологиялардан иборат. Биз энди мактабимиз раҳбарияти ички фойдаланиш учун дарсликлар чиқара олиши учун лойиҳамизни қайта ишлашни режалаштиряпмиз», — дейди Максим Солиҳов.

Ушбу интерфаол дарслик энг истиқболли ғоя ё маҳсулот ишланмаси учун тақдим этиладиган MVP (Most Valuable Product) йўналишида энг яхши лойиҳа деб тан олинди.

Азизбек Мўминов (марказда). Фото: «Ўзбеккосмос» агентлигиАзизбек Мўминов (марказда). Фото: «Ўзбеккосмос» агентлиги

Тошкентдаги Амити университетининг 20 ёшли талабаси Азизбек Мўминов мазкур хакатонда иккинчи бор қатнашди. Ўтган йили у ХХ асрнинг бир неча йиллари давомида Ой сатҳида юз берган сезиларли тектоник ҳаракатларнинг интерфаол харитасини тайёрлаган эди. Бу сафар эса Азизбек дўсти Шаҳриёр Пирназаров билан бирга оррери (Қуёш тизимининг интерфаол модели)нинг веб-дастурини ишлаб чиқди. У космик объектларнинг Ерга нисбатан жойлашуви ва траекториясига доир NASA маълумотлари асосида ишлаб чиқилган. Мазкур оррери ёрдамида нафақат сайёраларнинг, балки 1,4 млн астероид ва кометаларнинг маълум бир вақтдаги жойлашуви ва хусусиятларини кўриш мумкин.

Йигитлар келгусида лойиҳани ривожлантиришни мақсад қилган — масалан, осмон жисмлари ҳақидаги маълумотлар янада бойитилади, Қуёш тизими бўйлаб виртуал реаллик режимида саёҳат қилиш каби янги имкониятлар қўшилади.

«Ўтган йили мен Global Nominee — глобал даъвогар унвонини қўлга киритишга муваффақ бўлгандим. Бу сафар натижаларим аввалгисидан ҳам яхшироқ бўлади, деб ўйлайман», — деди Азизбек.

Миллий босқич ғолибига айланган жамоаларнинг аъзолари. Фото: «Ўзбеккосмос» агентлигиМиллий босқич ғолибига айланган жамоаларнинг аъзолари. Фото: «Ўзбеккосмос» агентлиги

Ҳозирда ғолиб деб топилган лойиҳалар халқаро ҳакамликка юборилган. Хакатоннинг иккинчи босқичи расман 2024 йил 29 октябрь куни — барча финалчилар номи маълум бўлгач, якунига етади. Улар орасидан ҳакамлар ҳайъати 10 та ғолибни танлаб олади. Ғолиблар номи NASA’нинг ижроия қўмитаси томонидан 2025 йил 16 январда ташкилот расмий сайтида эълон қилинади.