ҲАМАС гуруҳи томонидан ушлаб турилган исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ушбу дам олиш кунларида паузадан икки ой ўтиб қайта бошланади, деб хабар бермоқда Reuters ва CNN.
Музокараларнинг навбатдаги раундида Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати раҳбари Давид Барнеа, Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс ва Қатар бош вазири Муҳаммад ибн Абдулраҳмон Ол Соний иштирок этади.
«Томонлар сўнгги воқеалар фонида гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларни бошлашнинг турли вариантларини муҳокама қилади», — дейилади Исроил бош вазири матбуот хизмати хабарида.
Шу билан бирга, CNN манбаларига кўра, АҚШда президентлик сайловларигача бу музокараларда муваффақият қозониш эҳтимоли кам. Уларнинг таъкидлашича, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу АҚШнинг навбатдаги президенти ким бўлишини билмагунча Ғазодаги можаронинг келажаги ҳақида жиддий қарор қабул қилишни истамайди. Нетаньяҳу амалдаги президент Жо Байден ёки вице-президент, демократлар номзоди Камала Ҳаррисдан кўра унинг мақсадларига хайрихоҳроқ бўлган республикачилар номзоди Дональд Трамп ҳокимият тепасига келишига умид қилмоқда.
Ўтган ҳафта Исроил ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар Ғазо секторидаги операция пайтида ўлдирилганини тасдиқлади. Унинг ўлимидан сўнг бир қатор Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ҳам ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар қайта тикланишига умид билдирди.
Нетаньяхунинг ўзи гаровга олинганлар озод қилинмагунча Ғазо ва Ливанда урушни давом эттиришга ваъда берди. Аввалроқ у, шунингдек, Исроил ҲАМАС устидан тўлиқ ғалабага эришмоқчи эканини бир неча бор айтганди.
Ғазода сулҳ ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида олиб борилмоқда. Кўп ойлар давомида томонлар битимнинг асосий жиҳатлари бўйича келишувга эриша олмай келмоқда.
Исроил ва ХАМАС ўртасидаги можаро хронологияси:
- 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиб, камида 1200 кишини ўлдирди ва 200 дан ортиқ кишини гаровга олди. Исроил расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, Ғазода ҲАМАС асирлигида яна 100 нафар тирик ва ўлик гаровга олинганлар бор.
- Ҳужумга жавобан Исроил Ғазо сектори назорати остида бўлган ҲАМАСга қарши уруш эълон қилган, анклавга кучли ҳаво зарбалари бера бошлаган ва у ерга қўшин юборган.
- Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаро пайтида минтақада 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.