Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Ўзбекистонда сўнгги 4 йилда ёшлар томонидан қайд этилган IELTS натижалари бўйича маълумот берди. У бу ҳақида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган сессияда гапирди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.
Маълумот ўрнида, IELTS (International English Language Testing System) инглиз тилидаги билимларни баҳолаш бўйича халқаро тизим ҳисобланади.
Алишер Саъдуллаевнинг айтишича, бу даврда 30 мингга яқин ўзбекистонлик ёшлар IELTS`дан 7 дан баланд натижа қайд этган. 8 балл олганлар сони 3 мингга яқин бўлса, 30 нафар ёшлар IELST`дан максимал натижа — 9 балл олган.
«Биз бу кўрсаткични 100 мингга олиб чиқмоқчимиз. Лекин битта муҳим чақириқ билан. Авваламбор барчамиз ўзимизнинг она тилимизда яхши гапирайлик, она тилимизни яхши ўрганайлик», — деди Ёшлар ишлари агентлиги директори.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1 майдан бошлаб IELTS, TOEFL, GMAT, GRE ва SAT имтиҳонларидан юқори балл тўплаган ёшларга имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилмоқда. Бунда, имтиҳон топшириш харажатларини компенсация қилиш учун уларнинг ҳар бири бўйича минимал кўрсаткич белгиланган. Мисол учун, IELTS орқали билимларини синаб кўрган ёшлар компенсация олиши учун камида 7 баллик сертификатни қўлга киритиши керак.
2023 йил 3 март куни Ўзбекистонда илк бор IELTS имтиҳонида 9 балли натижа қайд этилгани хабар қилинганди.