Қирғизистонда давлат мадҳиясини қайта ёзишмоқчи. Парламент спикери Нурланбек Шакиев бу ҳақда гапирди, дея хабар бермоқда 24.kg нашри.
«Биз амалдаги мадҳиямизни Совет Иттифоқи таркибидан чиққанимизда қабул қилганмиз. Ҳозир оёққа турган ва тараққиёт йўлидан бораётган давлатмиз. Собиқ президентлардан биридан чет элда мадҳиямизни эшитганда, барча қушлар учиб кетгани ҳақидаги воқеани эшитганман. Ўша мамлакат мадҳияси янграётганда эса қушлар қайтиб қўнган», — деди Нурланбек Шакиев.
«Биз мадҳиямизни 5 ёшдан 95 ёшгача бўлган барча фуқаролар осон куйлаши учун қайта ёзамиз», — деб қўшимча қилди спикер.
Қирғизистон давлат мадҳияси 1992 йил 18 декабрда Олий Кенгашининг қарори билан тасдиқланган. Дастлаб у уч банд ва нақаротни ўз ичига олган, аммо 2012 йил 27 декабрда Жогорку Кенешининг қарори билан иккинчи банд олиб ташланган (мадҳия матни бу ерда).
2023 йил охирида Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни маъқуллаганди. Байроқдаги қуёшнинг тўлқинли нурлари эндиликда тўғри ҳолатда бўлади. Байроқнинг эски версиясидаги қуёш, Жапаровнинг сўзларига кўра, «кунгабоқарга ўхшаб кетарди».