CNN, Scientific American ва National Geographic нашрлари Nature журналида эълон қилинган тадқиқотга (ПДФ) асосланиб, Ўзбекистоннинг жануби-шарқидаги тоғларда иккита ўрта аср шаҳрининг қолдиқлари топилганини хабар қилмоқда.

Тадқиқотчилар гуруҳига Цент-Луисдаги Вашингтон университети антропологи Майкл Фракетти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов раҳбарлик қилди. Уларнинг топилмаси Ипак йўли бўйлаб ўрта аср жамиятларининг кўп қирралилиги ва кўламига янгича нигоҳ ташлайди ҳамда минг йилдан ортиқ вақт аввал Марказий Осиёнинг олис тоғларида шаҳар ҳаёти ҳақидаги тасаввурларни қайта кўриб чиқишга ундайди, деб ёзади National Geographic.

Олимлар аниқлаганидек, Тугунбулоқ ва Тошбулоқ шаҳарлари денгиз сатҳидан 2000 метрдан баланд жойлашган. Бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг 3 фоиздан камроғи бундай баландликларда, асосан Тибет ясси тоғлиги ва Анд тоғларида истиқомат қилади.

Гуруҳ дастлаб 2011 йилда тоққа саёҳат пайтида кичикроқ шаҳар бўлган Тошбулоқни топган. Тадқиқотчиларнинг айтишича, тоғлардан бирининг чўққисига кўтарилаётиб, улар ғалати тепаликлар билан қопланган текисликни пайқаб қолишган. Бу тепаликлар оддий кўзга унчалик эътиборли кўринмаган. Шу жойда улар минглаб сопол парчалари ҳам топишган.

2015 йилда Тошбулоқда қазишма ишлари олиб борилаётганда, Фракеттига бу жойдан бир неча километр нарида оиласи билан яшайдиган ўрмон хўжалиги инспектори мурожаат қилиб, уйининг орқа ҳовлисида ҳам шундай турдаги сопол идишлар борлигини айтган.

«Биз у ерга бордик ва унинг орқа ҳовлисида ўрта аср қалъаси турганини кўрдик. У [инспектор] буни билмас экан. Биз тепаликка чиқиб, атрофда яна тепаликлар ва пирамидасимон шаклларни кўрдик ва ҳайратда қолдик: вой худойим, бу жой жуда катта экан», — деди Фракетти. Шундай қилиб, олимлар иккинчи, каттароқ шаҳар — Тугунбулоқни топдилар.

Тадқиқотчилар 2022 йилда LiDAR (Light Detection and Ranging, «ёруғликни аниқлаш ва масофани ўлчаш») билан жиҳозланган учувчисиз учиш аппарати ёрдамида иккала шаҳарни хариталаштиришди. Бу реал вақт режимида атроф-муҳитдаги аниқ масофалар ва ҳаракатларни ўлчаш учун лазер нурларидан фойдаланадиган масофадан зондлаш технологиясидир.

LiDAR маълумотларига кўра, Тугунбулоқ тахминан 120 гектар майдонни эгаллаган, унда 300 дан ортиқ иншоот, шу жумладан марказий қалъа ва бешта қўриқлаш минораси бўлган.

Тошбулоқ майдони 12 гектардан 15 гектаргача бўлган. Тугунбулоққа нисбатан кичикроқ бўлишига қарамай, унда ҳам қалъа мавжуд эди. Олимлар у ерда Тугунбулоқдаги уйлар билан ўхшаш шакл ва ўлчамга эга бўлган камида 98 та кўзга ташланадиган турар-жой топдилар.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Тошбулоқ VI-XI асрлар оралиғида, Тугунбулоқ эса VIII-XI асрларда жойлашган.

тошбулоқ, тугунбулоқ

2022 йилда Тугунбулоқдан топилган сопол идиш. Сурат: Майкл Фракетти.

Олимларнинг ишончи комилки, оғир об-ҳаво шароитига қарамай, Тугунбулоқ ва Тошбулоқ гуллаб-яшнаган ва бу ҳудудда катта миқдорда топилган темир рудасини қазиб олиш учун қурилган. Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, шаҳарларнинг жойлашуви кучли тоғ шамолларидан металл рудаларини эритишда зарур бўлган юқори ҳароратли ўчоқларни таъминлаш учун фойдаланиш мақсадида танланган. Чегараланган қазишмалар давомида археологлар ишлаб чиқариш печининг қолдиқларини топдилар.

Шу билан бирга, тадқиқотчилар таъкидлашларича, бу баланд тоғли шаҳарларда фақат кончилар яшайдиган манзилгоҳлар бўлмаган. Масалан, Тошбулоқ қабристонидан аёллар, кексалар ва чақалоқларнинг суяклари топилган. Шаҳарлар нима учун ташлаб кетилгани ҳозирча номаълум. Олимлар бу саволларга чуқурроқ қазишма ишлари орқали жавоб топишга умид қилмоқдалар.