Москвада 2025 йилдан бошлаб эксперимент тарзида мигрантларга электрон гувоҳномалар бериш бошланади, деди Россия пойтахти мери Сергей Собянин ТАСС агентлигига берган интервьюсида.

«Хориж фуқаросининг барча маълумотлари: қачон келгани, биометрик маълумотлари, қаерда ишлаши, қаерда рўйхатдан ўтгани, қаерда яшаши ва ҳоказолар электрон гувоҳномасига юкланади», — деди Собянин.

Унга кўра, рейдлар давомида полиция мигрантларнинг гувоҳномаларини ўқиш мосламалари ёрдамида текширади. Агар ҳужжатда бирор нарса нотўғри бўлса, полициячи чора кўриши шарт, дея қўшимча қилди Собянин. «Воқеани ўз гаджетига ёзиб олгандан кейин уни қўйиб юбора олмайди: агар унда қизил чироқ ёнса, демак мигрант қидирувда, қолиш муддатидан ошиб кетган, миграция режими бузилган», — деди у.

Бундан ташқари, 2025 йилдан бошлаб эксперимент доирасида Москва аэропортларида барча хорижликлар, жумладан, РФга кириш визасига муҳтож бўлмаганлар учун биометрик назорат жорий этилади.

«Москвага келгач, визасиз мамлакатлар фуқаролари биометрик назоратдан ўтади — суратга олиш, бармоқ излари. Шу мақсадда бундай эксперимент ўтказиш имконияти тўғрисида федерал қонун қабул қилинди», — дея аниқлик киритди Собянин. Унинг сўзларига кўра, бу «жиноятларни фош қилишнинг янги босқичига чиқиш» имконини беради.

  • Сентябрда РФ Давлат думаси раиси Вячеслав Володин меҳнат муҳожирларига ўз оилаларини мамлакатга олиб келишни тақиқловчи қонун лойиҳаси тайёрланаётганини маълум қилганди.
  • Москвадаги «Крокус сити ҳолл»да 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, яна 500 дан ортиғи жароҳатланган терактдан сўнг Россия ҳукумати мигрантларга қарши риторикасини кучайтира бошлади. ИШИД-Хуросон (ИШИД-К) ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ишда Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантлар гумонланмоқда.