Халқаро жиноят суди (ХЖС) Мўғулистон қамоққа олиш ордери амал қилаётган Россия президенти Владимир Путинни ўз ҳудудида ҳибсга олмагани ортидан Рим статутини бузганини маълум қилди.

«Мўғулистон Путинни ҳибсга олиш ва уни судга беришдан бош тортган ҳолда «Рим статути қоидаларига зид равишда суд билан ҳамкорлик қилиш ҳақидаги сўровни бажармаган», — дейилади баёнотда.

Иштирокчи давлатлар ва суд юрисдикциясини тан олувчи давлатлар ордер берилган шахсларни, уларнинг расмий мавқеи ёки фуқаролигидан қатъи назар, ҳибсга олиши ва ушлаб бериши шарт.

Мўғулистон «суднинг ўз функция ва ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилди», дея таъкидлади ХЖС. Шу сабабли ХЖСга аъзо давлатлар ассамблеяси бу воқеага баҳо бериши айтилади.

Путин 2024 йил 2−3 сентябрь кунлари Мўғулистонга ташриф буюрганди. Бу унинг 2023 йил баҳорида уни ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олган мамлакатга илк бор ташрифи бўлган. Мўғулистон бетарафлик сиёсатига содиқлигини ва қўшни давлатларга энергетик жиҳатдан қарам эканини айтиб, Путинни ҳибсга олмаган.

«Медуза»нинг ёзишича, ассамблея Мўғулистоннинг ўз мажбуриятларини бажармаслик қарорини қоралаши мумкин, аммо Рим статути қоидаларга амал қилмаган мамлакат учун ҳеч қандай санкцияларни назарда тутмайди.