Адлия органларида жорий қилинган электрон тизимлар сабабли 2024 йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 тонна офис қоғози тежалди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати 25 октябрь — «Қоғозсиз бир кун» республика экоакцияси кунида.
Вазирликнинг ҳисоблашича, агар шу қоғозлар ерга бир қаватдан қўйиб чиқилса, тахминан 160 минг квадрат метр майдонни, яъни 22 та футбол майдони ёки 127 та олимпия бассейнини эгаллайди.
Ўртача ҳисобда 1 тонна офис қоғозини ишлаб чиқариш учун дарахт тури ва ишлаб чиқариш технологиясига қараб 17−20 та дарахт керак бўлиши мумкин. «Шу сабабли 12,7 тонна офис қоғозини тежаш орқали тахминан 240 та дарахтни сақлаб қолишга эришилди», — дейилади хабарда.
«Адлия»нинг таъкидлашича, қоғоздан фойдаланишни қисқартириш ва ундан воз кечиш харажатларни, табиий ресурсларга бўлган юкламани, жумладан, сув ва электр энергияси истеъмолини камайтириш ҳамда чиқиндилар миқдорини қисқартиришга ёрдам беради. Бу амалиёт давлат органлари фаолиятини барқарор, иқтисодий самарали ва экологик хавфсиз қилишга қаратилган, деб ёзди вазирлик.
У офисда қоғоз сарфини камайтириш бўйича тавсиялар берди:
- рақамли технологияларга ўтиш: ҳужжатларни чоп этиш ўрнига электрон хатлар жўнатиш;
- ️оқилона чоп этиш: фақат зарур бўлганда босиш, икки томонлама чоп этишдан фойдаланиш;
- қайта ишланган қоғоздан фойдаланиш: экологик тоза қоғоз маҳсулотларини танлаш;
- файлларни онлайн улашиш: булутли сақлаш хизматлари ва ҳамкорликда ишлаш воситаларидан фойдаланиш.