Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206 ва 248-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-моддаси (Устидан маъмурий назорат ўрнатилган шахсларнинг бундай назорат қоидаларини бузиши) санкция қисмига амалда бўлган жарима жазосидан ташқари маъмурий қамоқ жазоси ҳам киритилмоқда.

Қайд этилишича, пробация бўлинмалари ходимларининг назорати остидаги шахс томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда унга нисбатан маъмурий баённома тузиш учун уни ҳудудийлик жиҳатдан яқин орада жойлашган таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий баённома расмийлаштириш керак, бу пробация ходимининг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфланишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис муҳокама қилинаётган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддаси тўртинчи қисмига қўшимча ва ўзгартириш киритиш орқали ички ишлар органларининг 185−2 ва 187-моддалари бўйича пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколатини пробация хизматининг катта инспектори ва инспекторига бериш нормаси белгилаб қўйилмоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йилда 83 763 нафар шахс ички ишлар органларининг пробация назоратида турган бўлса, 2024 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 86 226 нафарни ташкил этган, яъни 2024 йилда бундай шахслар 2463 тага кўпайган.

2023 йилда маъмурий назоратда турган 4167 нафар шахс судлар томонидан ўрнатилган тақиқ (чеклов)ларга риоя қилмагани учун уларга биринчи маротаба маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 2024 йилнинг 9 ойида 3153 нафар шахсга маъмурий баённомалар тузилган.

Айнан шу тоифадаги шахслар судлар томонидан белгиланган тақиқ (чеклов)ларга бир неча бор риоя қилмаганлиги учун 2023 йилда 717 нафар ва 2024 йилнинг 9 ойида эса 637 нафар шахс Жиноят кодексининг 226-моддаси (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилган.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.