SpaceX компанияси Ўзбекистон миллий космик дастурини ишлаб чиқишда эксперт маслаҳатларини тақдим этади. Бу ҳақда «Ўзбеккосмос» ахборот хизмати хабар берди.

Агентлик жамоаси 14−18 октябрь кунлари Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган халқаро астронавтика конгрессида иштирок этган. Тадбир «Барқарор ривожланиш учун масъулиятли макон» мавзуси остида ўтказилган.

Ўзбекистон томони тадбир давомида Халқаро астронавтика федерацияси, Интерспутник халқаро ташкилоти ва шу каби қатор йирик хорижий агентликлар раҳбарлари билан 30 дан зиёд учрашув ўтказди, дейилади хабарда.

Учрашувларда Ўзбекистоннинг ерни масофадан зондлаш миллий космик тизимини яратиш, унинг космик ва ерусти сегментларининг техник жиҳатларини ишлаб чиқиш ва космик аппаратларни учириш каби масалалар муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, «Ўзбеккосмос» агентлиги вакиллари Озарбайжон космик агентлиги билан ерни масофадан зондлаш миллий космик тизимини яратиш бўйича муҳим тавсиялар ва ўзаро таклифларни ўрганган. АҚШнинг SpaceX ва Буюк Британиянинг Surrey Satellite Technology компаниялари Ўзбекистоннинг миллий космик дастурни ишлаб чиқишда эксперт маслаҳатларини беришга тайёр эканини билдирган.

Шунингдек, Япониянинг Кюшу технологик институти вакиллари билан аэрокосмик муҳандислик йўналишида мутахассисларни тайёрлаш бўйича дастлабки ўқув дастурини амалга оширишга келишилган.