Буюк Британия 2025 йил 1 июндан бир марталик вейпларни сотишни тақиқлайди, деб хабар қилди мамлакат ҳукумати матбуот хизмати.

Тақиқнинг киритилиши жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Февраль ойида ўтказилган сўровда респондентларнинг 69 фоизи бир марталик вейпларни сотишни чеклаш тарафдори бўлган.

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эндрю Гуинн болалар орасида вейплар оммалашаётганидан хавотир билдирган. Унинг сўзларига кўра, тақиқ ўсмирлар орасида вейпларнинг жозибадорлигини камайтиради.

«Ўтган йили 11−15 ёшдаги ўсмирларнинг тўртдан бир қисми вейпдан фойдалангани чуқур ташвиш уйғотади ва биз биламизки, бугунги кунда кўпчилик болалар бир марталик қурилмалардан фойдаланишни афзал кўришади», — деди британиялик амалдор.

Таъкидланишича, тақиқ «бир марталик миллий маданият» ва ахлат уюмларига барҳам беришга интилишнинг бир қисмидир.

2024 йил январь ойида ҳукумат мамлакатда бир марталик вейпларни истеъмол қилувчи болалар сони уч баравар кўпайиши фонида уларни сотишни тақиқлашни режалаштирганди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Британия ҳукумати «чекмайдиган авлод»ни яратиш мақсадида Англияда 2008 йилдан кейин туғилганларга тамаки маҳсулотларини сотишни тақиқлашни ҳам режа қилганди. Бу 2040 йилга бориб ёшлар орасида чекишни деярли тамомила тўхтатиш имконини бериши таъкидланган.