Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бутунжаҳон диабет фонди билан биргаликда Сирдарё соғлиқни сақлаш бошқармасига бешта — битта стационар ва тўртта кўчма фундус камераси совға қилди, деб хабар берди ЖССТ матбуот хизмати «Газета.uz»га.
Фундус камераси — бу кўз тубининг (марказий ва периферик тўр пардаси) батафсил тасвирларини текшириш ва олиш, шунингдек, уларни скрининг режимида кейинчалик қайта ишлашга мўлжалланган қурилма.
Сирдарё вилоятининг пилот туманларида 2-тоифа диабетга чалинган барча беморлар диабетик ретинопатия ташхиси бўйича текширувдан ўтказилади. Сирдарё вилояти кўз микрохирургияси клиникаси ҳамда Гулистон, Сардоба, Оқолтин ва Боёвут вилоятларидаги тўртта кўп тармоқли поликлиникада фундус камералари ўрнатилади. Ретинопатия билан оғриган беморлар Гулистон ёки Тошкентдаги кўз микрохирургияси марказига лазерли даволаш учун юборилади.
Ускуналар ЖССТ ва Бутунжаҳон диабет фонди (WDF) ҳамкорлигида молиялаштирилган «Бирламчи тиббий-санитария ёрдамида юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш имкониятларини яхшилаш» лойиҳаси доирасида топширилди.
Лойиҳа доирасида ҳамширалар ва офтальмологларга фундус камералари билан ишлаш бўйича тренинглар ҳам ўтказилди.
Кўрликнинг олдини олиш бўйича халқаро агентликнинг (Vision Atlas) 2020 йилги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 3,3 миллион киши кўриш қобилиятини йўқотиш хавфи остида. Улардан 94 минг киши турли сабабларга кўра, жумладан, диабетик ретинопатия туфайли бутунлай кўрмай қолган.
Диабет кўзнинг тўр пардасига зарар етказганда диабетик ретинопатия пайдо бўлади ва эрта аниқланмаса, у қайтариб бўлмас кўрликка олиб келиши мумкин.
Касаллик ЖССТ Европа минтақаси ва Марказий Осиёда кўришнинг бузилиши ва кўрликнинг асосий сабабларидан бири бўлиб, тахминан 950 000 кишига таъсир қилади.
ЖССТнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 2-тоифа диабет сабаб бўлган ретинал парданинг шикастланишини аниқлаш учун мунтазам скрининг ўтказиш кенг тарқалмаган, бунинг оқибатида кўплаб беморларга аллақачон кеч бўлиб кетмагунча ташхис қўйилмайди.
Кўриш қобилиятини йўқотиш нафақат ҳаёт сифатининг ёмонлашиши, балки инсоннинг мустақиллигига жиддий таҳдиддир, қайд этди ЖССТ. Диабетик ретинопатияни скрининг орқали эрта ташхислаш муаммони даволаш энг самарали бўлган дастлабки босқичларида аниқлашга ёрдам беради. Бу шуни англатадики, оддий текширув минглаб одамлар учун кўрликнинг олдини олади ва кўриш қобилиятини сақлаб қолади, бу уларга тўлиқ ва фаол ҳаёт кечириш имконини беради, дея тушунтирди ташкилот.
«ЖССТ кўриш бузилиши ва кўрликнинг олдини олишнинг самарали усули сифатида диабет билан оғриган барча беморларга диабетик ретинопатияни скринингдан ўтказишни, унга муҳтож бўлганларга эса ўз вақтида даволанишни тавсия қилади. Бирламчи тиббий ёрдам даражасида фундус камерасининг мавжудлиги диабетик ретинопатияни эрта аниқлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, бу ўз вақтида аралашиш ва кўриш қобилиятини йўқотишнинг олдини олиш имконини беради», — деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили Ашина Халакдина.