Yandex Uzbekistan Express24 билан Ўзбекистонда озиқ-овқат етказиб бериш бўйича ягона технологик платформани яратиш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди. Битим суммаси маълум қилинмаган.

Бу билан Yandex Go ва Express24 хизматларининг афзалликлари бирлаштирилади. Бунинг учун Yandex Express24 активларининг бир қисмини сотиб олади, битим яқин кунларда якунланади. Express24 иловаси ўз фаолиятини давом эттиради.

Битим якунланганидан сўнг Yandex Go`даги Eats ва Express24 хизматлари ягона технологик платформага ўтади. Натижада буюртмалар сони ортиб, курьерлар кўпроқ етказиб бериш хизматларини амалга ошириш ва кўпроқ даромад олиш имконига эга бўладилар, дейилади хабарда.

«Фойдаланувчилар эса буюртмаларини тезроқ олишади ва улар учун ресторанлар танлови кенгаяди. Express24`нинг ҳамкор ресторанлари ўз етказиб бериш ҳудудини кенгайтириб, янги платформанинг тарғиб қилиш воситаларидан фойдаланиш имконига эга бўладилар», — дея таъкидланади хабарда.

Express24 — тайёр таомлар, дўконлардан товарлар ва бозорлардан маҳсулотларни етказиб бериш хизмати. Хизмат Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойидан бошлаб Yandex Uzbekistan`га Newmax Technologies компаниясининг собиқ директори Иззат Шукуров раҳбарлик қила бошлади. У аввалги лавозимда Ўзбекистонда Maxtrack транспорт бошқаруви тизими, Workly иш вақтини назорат қилиш тизими, MyTaxi биринчи такси агрегатори ва Express24 озиқ-овқат етказиб бериш хизматини ишга туширишга кўмаклашган эди.