Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан Янги Тошкент шаҳри қурилишига 110,4 гектар ер майдони ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарори билан Юқори Чирчиқ туманидан давлат захирасига қайтарилган ҳамда тоифаси ўзгартирилган 110,4 гектар ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси»га ажратиб берилди.

Бунда туманнинг «Ўзбекистон», «Гулистон», «Истиқлол» маҳаллаларидаги ҳудудлар Янги Тошкент шаҳри ҳудудига ўтказилмоқда.

Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси томонидан мазкур ер майдонларини белгиланган тартибда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари амалга ошириши белгиланди.

2021 йил 31 август куни Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳудудида Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент барпо этилиши, пойтахт эса «яшил ҳудуд» га айлантирилиши ҳақида маълум қилганди.

2023 йил март ойида эса пойтахтдаги давлат идоралари Янги Тошкентга кўчирилиши, шунингдек, лойиҳа доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 млн аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилиши билдирилган. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, Янги Тошкентда «эски» Тошкент билан боғланган трамвай ва метронинг ягона тармоғини қуриш режалаштирилган. «Янги шаҳарга метрода 30−35 дақиқада етиб бориш мумкин… Автомобилда келишга эҳтиёж қолмайди» , — деганди ўшанда қурилиш вазири ўринбосари Давронжон Одилов.