Грузияда мамлакат парламентига сайловда овоз бериш якунланди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 17:00 ҳолатига сайловчиларнинг иштирок этиши 50,6 фоизни ташкил этган (1,7 миллиондан ортиқ киши).

Ҳукмрон «Грузин орзуси» партиясидан Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе овоз бериш жараёни тугашидан олдиноқ унинг партияси сайловларда катта устунлик билан ғалаба қозониши кафолатланганини маълум қилди. У бу баёнотини сайлов участкаларидан келаётган маълумотларга асосланиб билдирди.

«Ўзгаришлар учун» мухолифат партия коалицияси етакчиларидан бири Ника Мелия брифингда «Грузин орзуси»га қарши бўлган барча тўртта мухолифат партияси 5% ўтиш тўсиғидан ошгани ва парламентдаги кўпчиликка умид қилиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, «Грузин орзуси» сайловчиларнинг 40% дан кам овозини олган.

Ҳокимиятга яқин «Имеди» телеканалининг экзит-полига кўра, «Грузин орзуси» 56,1 фоиз овоз тўплаган. Мухолифатдаги «Ўзгаришлар учун коалиция» ва «Бирдамлик — миллий ҳаракат» — 12,6% ва 11,6% овоз олган. «Кучли Грузия» — 7%.

Мухолифатчи Mtavari канали маълумотларига кўра, вазият бошқачароқ: «Грузин орзуси» — 42%, «Ўзгаришлар коалицияси» — 18%, «Бирлик — миллий ҳаракат» — 13%, «Кучли Грузия» — 9%, «Гахария — Грузия учун» — 8%.

Мухолифатдаги «Формула» телеканали томонидан ўтказилган экзит-пол натижалари қуйидагича: «Грузин орзуси» — 40,9%, «Ўзгаришлар учун коалиция» — 16,7%, «Бирдамлик — миллий ҳаракат» — 16,7%, «Кучли Грузия» — 10,3%, «Грузия учун» — 8,2%.

Грузия Марказий сайлов комиссияси яқин соатлар ичида сайлов натижалари бўйича дастлабки маълумотларни эълон қилади.

Тадбиркор Бидзина Иванишвили асос солган «Грузин орзуси» партияси 12 йилдан бери мамлакатда ҳокимият тепасида турибди. Тўртта мухолифатчи куч «Грузин орзуси»нинг асосий рақиблари бўлди. «Бирлик — Миллий ҳаракат» номи остида «Ягона миллий ҳаракат», «Агмашенебели стратегияси» ва «Европа Грузияси» партиялари бор. Шунингдек, иккита алоҳида «Ўзгаришлар учун коалиция» ва «Кучли Грузия» альянси тузилган. Улардан алоҳида собиқ бош вазир Георгий Гахарийнинг «Грузия учун» партияси сайловларда иштирок этмоқда.