Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) 26 октябрга ўтар кечаси Эрондаги ракета ишлаб чиқарувчи корхоналар ва унинг ер-ҳаво ракеталари жойлашган жойларига ҳаво ҳужумларини амалга оширди.

Армия матбуот хизмати «аниқ зарбалар» сўнгги ойларда Эроннинг Исроилга ҳужумларига жавобан берилгани ҳақида маълумот қолдирди. Зарбалар 3,5 соат давом этди.

«Биз Эрондаги ҳарбий объектларга мақсадли ва аниқ зарбалар бердик ва Исроил давлатига тўғридан-тўғри таҳдидларнинг олдини олдик. ЦАХАЛ миссиясини якунланди. Агар Эрондаги режим хатога йўл қўйиб, янги эскалацияни бошласа, биз жавоб беришга мажбур бўламиз», — дейилади хабарда.

Исроил мудофаа армияси ҳаво кучлари Эронга тунги ҳужум пайтида 100 дан ортиқ самолётни ишга туширгани, 20 га яқин нишонлар зарар кўргани ҳақида хабар берилди, аммо Теҳрон бу маълумотни рад этди.

Эрон қуролли кучлари Илам, Теҳрон ва Хузистон провинцияларидаги баъзи ҳарбий объектларига ҳужум уюштирганини маълум қилди. Зарар кўлами аниқланмоқда. Теҳрон мутаносиб жавоб беришга тайёр, дея хабар берди Tasnim агентлиги манбасига таяниб. Маҳаллий ОАВ зарбалар вақтида портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабарлар берди.

Ҳужумлар пайтида Теҳрондаги ҳаво ҳудуди ёпилди. Қурбонлар йўқлиги, пойтахтда бир муддат интернет узилиб қолгани қайд этилди.

1 октябрь куни Эрон Исроилга 200 дан ортиқ ракеталар билан оммавий зарба берганди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) буни ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания, «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва ИИҚК қўмондони Аббос Нилфрушаннинг «шаҳидлигига» жавоб деб атаган.