Афғонистон ва афғон халқининг Амударё сувидан фойдаланишга худди Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар сингари ҳаққи бор. Бу ҳақда 25 октябрь куни «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида ОАВ вакилларига интервью берган Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Афғонистон билан Қўштепа каналини қуриш масаласи бўйича қўшма ишчи гуруҳи тузган. Унга ҳар икки томоннинг сув хўжалиги вазирлари ҳамраислик қилмоқда. «Ҳозиргача канал масаласида иккита мажлис бўлиб ўтди. Биринчиси, Кобул шаҳрида, иккинчиси Мозори Шарифда ташкил этилди. Учинчисини яқин келажакда Тошкент шаҳрида ўтказишни режалаштирганмиз», — деди Иргашев.

«Албатта, Афғонистон ва афғон халқининг Амударё сувидан фойдаланишга худди биз ва бошқа мамлакатлар каби ҳаққи бор. Масала шундаки, Амударёдан олинадиган сув ҳажми ва бу сув манбаидан фойдаланаётган мамлакатларнинг манфаатларини назарда тутиш [муҳим]. Учинчи масала эса Амударё сув сатҳи ҳар йили ҳар хил бўлади: бир йили тўлиб оқса, бошқа йили камроқ бўлади. Шунга қараб ундан фойдаланадиган мамлакатлар квотани, яъни ўз улушини камайтириши ёки тенг тақсимлаши керак, масала шунда», — дея қўшимча қилди у.

исматулла иргашев, толибон, қўштепа канали, афғнистон

Исматулла Иргашев интервью давомида Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар ваъдалари ҳақида гапирди.

«У „Биз ҳеч қачон Ўзбекистон халқининг сув бўйича манфаатларига путур етказмаймиз. Қурилаётган Қўштепа канали икки мамлакат ўртасида ҳеч қачон адоватга айланмайди. Балки буни дўстлик ва яхши қўшничилик рамзига айлантирамиз. Қўштепа каналини қуриш, Амударё суви манбаларидан фойдаланиш ҳамда глобал иқлим ўзгариши шароитида биз Ўзбекистонни ўзимизга энг яқин ҳамкоримиз деб биламиз ва бунга содиқ қоламиз“, деди. Бу масалани кўпчилик бўрттириб кўрсатишга, келажакда оғир мунозаралар ёки вазиятнинг кескинлашувига олиб келади, деган фикрларни тарқатмоқда. Ишончим комилки, биз яқин қўшни бўлмиш биродаримиз афғон халқи билан бу масаланинг ечимини албатта, топамиз ва бу тўғрисида ҳеч қандай муаммо бўлмайди», — деди махсус вакил.

2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон сув вазири Шавкат Хамраев Қўштепа канали орқали Афғонистон Амударёдан қанча сув олиши мумкинлигини маълум қилганди. Афғонистон Қўштепа канали орқали 600 минг гектар ерни суғормоқчи экани ҳақидаги гаплар эса асоссиз. Вазир Шавкат Хамраевнинг айтишича, «Толибон» тахминан 300 минг гектарни суғормоқчи, бунга 4−5 млрд куб метр сув етади. Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилади.

Шавкат Мирзиёев 2023 йил 15 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида мазкур канал ҳақида гапирар экан, «Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди», — деди.

Каналнинг ишга туширилиши «Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин», деб таъкидлади ва канал қурилишининг барча жиҳатларини ва унинг Амударёнинг сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга чақирди.

2023 йил 12 октябрь куни Қўштепа канали қурилишининг 2-босқичига старт берилди. Очилиш маросимида сўзга чиққан «Толибон» расмийлари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистондан Қўштепа канали қурилиши бўйича ташвишланмасликни сўради. Улар Афғонистон минтақавий муаммоларни дипломатик алоқалар орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирди.