YandexGo, Yandex Eats ҳамда Express24 устун мавқега (монопол) эга рақамли платформа операторлари сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда Рақобат қомитаси хабар қилди.
Рақобат қўмитасининг тегишли буйруғи билан такси агрегатори хизматлари бозорида YandexGo UB компанияси ҳамда тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизмати бозорида Yandex Eats ва Express24 APP компаниялари устун мавқега эга рақамли платформа операторлари деб эътироф этилди.
Қўмита YandexGo ва Yandex Eats томонидан янги тартибга солиш ҳужжатлари талабларини бажарилишини олқишини маълум қилди.
Шунингдек, Қўмита томонидан устун мавқега эга рақамли платформа операторлари уларнинг фаолиятини рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, устун мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида мажбурий тартибда Монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади ва тегишли тартибда мониторинг ўтказиб борилиши маълум қилинади.
Аввалроқ Yandex Uzbekistan Express24 активларининг бир қисмини сотиб олиши ҳақида хабар берилганди.
Устун мавқе — бу товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолат. Агар компания ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши 40 фоиз ёки ундан юқори бўлса, шунингдек, бошқа ҳолларда маҳсулот ёки молия бозоридаги устун мавқе тан олинади.