Президент администрацияси собиқ ходими Комил Алламжоновнинг Range Rover йўлтанламасига қарата ўқ узганлардан бири гумонланувчи тариқасида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 26 октябрга ўтар кечаси Тошкент вилояти Қибрай туманида темирйўл кесишмаси ҳудудида содир бўлган (суратда). Биз икки номаълум шахс ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узгани ва воқеа жойидан ғойиб бўлгани ҳақида ёзгандик. Ҳайдовчи ва собиқ амалдорга зарар етмаган.

Бош прокуратура хабарида айтилишича, бу қасддан қотилликка суиқасд қилиш бўлган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248- (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳри ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.