Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтган депутатлар сайловида овоз бериш учун сайлов участкасига мустақил равишда кела олмайдиган 46 319 нафар ўзгалар парваришига муҳтож сайловчи рўйхатга олинган эди. Участка сайлов комиссияларининг аъзолари тиббиёт ходимлари ва маҳалла идораси вакиллари ҳамроҳлигида уларнинг хонадонларига борди.
«Газета.uz» Мирзо Улуғбек туманидаги 16-сайлов комиссияси аъзолари билан бирга шундай сайловчилардан икки нафарининг хонадонида бўлди. Улардан биринчиси (аёл киши) учун унинг оила аъзоларидан бири сайлов бюллетенларидаги номзодларнинг исм-шарифлари ва партияларини ўқиб берди. «Биз улар ҳақида билмаймиз, ҳеч қаерда маълумот йўқ», — деди сайловчининг қариндоши. Якунда сайловчи «Бисмиллоҳ!» дея бюллетенларни қутига ташлади.
Иккинчи сайловчи (эркак киши) ҳам «ўзи кимлар бор, кимга овоз бериш керак?», деб сўради. Унинг оила аъзоларидан бири: «Номзодларингиз орасида аёллар ҳам борми?», деб сўради. Сайлов участкаси аъзолари партиялар ҳақида маълумот бергач, сайловчи улардан: «Ўзингиз қайси бирини тавсия қиласиз?», деб сўради. Участка аъзоси тавсия бериш ва даъват қилишга ҳақи йўқлигини, сайловчи ўзи мустақил танлов қилиши кераклигини айтгач, сайловчи: «Мен — социалистман!», деди.
У ўз бюллетенларини сайлов қутисига ташларкан, участка сайлов комиссияси аъзоларига ҳазиллашиб: «Йўл-йўлакай яна овозимни ўзгартириб қўйманглар», деди. Жараён қандай кечганини қуйидаги видеорепортажда томоша қилиш мумкин.
Аввалроқ бошқа бир материалда сайлов участкаларида ногиронлиги бор шахслар учун қандай шароитлар яратилгани ҳақида маълумот берилган эди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор 831 минг сайловчи рўйхатга олинган. Уларнинг сайловда иштирок этиши учун участкаларда махсус кабиналар ташкил этилган, кўриш имконияти чекланганлар учун лупа ва фонарлар сотиб олинган, фойдаланиш учун Брайль шрифтли трафератлар тайёрлаб қўйилган эди.