Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 18 ёшдан ошган ногиронлиги бўлган шахслар сони 831 738 нафарни ташкил этади. Шундан 105 404 нафар фуқарога овоз беришда ёрдам керак бўлади. Уларнинг 26,4 мингдан ортиғи кўзи ожиз, 12,2 минг нафари заиф эшитувчи ёки кар, 20,3 минг нафари ҳаракатланишда қийналадиган, 46,3 минг нафари эса умуман ҳаракатлана олмайдиган шахслардир. Улар ҳақидаги маълумотлар фуқаролар рўйхатга олинган жойдаги ҳар бир сайлов участкасига юборилган.

Ногиронлик аравачасидаги инсонлар учун кабина (чапда).Ногиронлик аравачасидаги инсонлар учун кабина (чапда).

Ҳар бир сайлов участкасида округ ҳудудида яшовчи ҳаракатлана олмайдиган сайловчиларнинг алоҳида рўйхати мавжуд. Сайлов комиссияси аъзолари фуқароларнинг овоз беришлари учун уларнинг уйларига кўчма қутичалар билан боришади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги «Газета.uz»га аҳоли зич жойлашган туманларда ногиронлиги бўлган сайловчилар учун бепул транспорт ташкил этилганини маълум қилди. Таъкидлаш жоизки, ногиронлиги бўлган шахслар учун шаҳарлардаги жамоат транспорти, агар ташиш давлат оператори томонидан амалга оширилса ёки бундай шартлар хусусий ташувчи билан келишилган бўлса, доимо бепул бўлади.

«Кўнгиллилар ва маҳаллий фаоллар сайлов участкаларига кириш ва чиқишда ёрдамга муҳтож бўлган сайловчиларга кўмаклашишга жалб қилинмоқда», — дейилади хабарда.

сайлов-2024

Участкаларда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг овоз бериши учун махсус кабиналар ўрнатилган. Агентлик маълумотларига кўра, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар учун лупа ва чироқлар сотиб олинган, барча участкалар имкон қадар биринчи қаватларда ташкил этилган.

«Газета.uz» мухбирлари ўзлари бориб ўрганган барча сайлов участкаларида ногиронлик аравачасидаги инсонлар учун кабиналар борлигига гувоҳ бўлишди. Кўпгина участкалар пандуслар билан ҳам жиҳозланган, аммо уларнинг қиялик бурчаги пойтахтнинг аксарият жамоат жойларидаги каби жуда тик.

сайлов-2024

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) миссияси раҳбари Дуглас Уэйк ташриф буюрган Тошкент шаҳри марказидаги «Оқибат» маҳалла фуқаролар йиғини биносидаги 16-сайлов участкасида кўзи ожизлар учун тактил плитка, шунингдек, бинонинг инфратузилмаси ҳақида Брайл алифбосида маълумот мавжуд.

сайлов-2024

«Газета.uz» мухбирлари 110-мактаб биносида жойлашган 105-сайлов участкасида кўзи ожизлар учун Брайл алифбосида ёзилган бюллетенлар борлигига гувоҳ бўлишди.