Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар (вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар) депутатлигига сайлов 27 октябрь куни соат 8:00 дан 20:00 га қадар бўлиб ўтади. Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев якшанба куни бўлиб ўтган брифингда сайлов бўйича баъзи статистик маълумотларни тақдим этди.
- Жорий сайловнинг шиори: «Менинг танловим — обод Ватаним!»
- Ўзбекистонда 11 028 та сайлов участкаси фаолият кўрсатмоқда.
- Ўзбекистоннинг 40 та хорижий давлатдаги дипломатик ва консуллик муассасалари ҳузурида 57 та сайлов участкалари очилган.
- Овоз бериш биринчи бўлиб (Тошкент вақти билан 4:00 да) Ўзбекистоннинг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.
- Охирги бўлиб АҚШдаги участкалар ёпилади (душанба куни Тошкент вақти билан 5:00 да).
- Жами 19 944 859 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Хорижда 165 631 нафар сайловчи рўйхатга олинган.
- Сайловда илк бор электрон овоз бериш тизими синовдан ўтказилмоқда. У Тошкент шаҳридаги 10 та участкада мавжуд.
- Парламентга сайловлар биринчи марта аралаш тизим асосида ўтказилади: бу тизим Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 тасини бир мандатли сайлов округларидан мажоритар сайлов тизими бўйича, қолган 75 тасини эса партия рўйхати бўйича пропорционал сайлов тизими орқали сайлаш имконини беради.
- Сайловда рўйхатдан ўтган барча 5 та сиёсий партия иштирок этмоқда: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси.
- Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларига жами 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига жами 24 850 нафар номзод кўрсатилди.
- 22 сентябрдан 25 октябрга қадар ўтказилган сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмади., дея маълум қилди МСК.
- 16−23 октябрь кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз беришда Ўзбекистонда 1 015 948 киши, хорижда 132 667 киши овоз берди.
- Сайловни 800 дан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчилар кузатиб бормоқда.
- Сиёсий партиялардан 55 минг нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 минг нафардан зиёд кузатувчи сайловни бевосита кузатиб бормоқда.
- Туман ва шаҳарлардаги айрим участкаларда, аввалги сайловлардагидек, видеокамералар ўрнатилди. Овоз бериш жараёнини МСК сайтида кузатиш мумкин: saylov.uz.
- Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жами 1 068 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди.