Грузияда 26 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида бюллетенларнинг 99,2 фоизи кўриб чиқилгач, ҳукмрон «Грузия орзуси» 54,23 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда.
Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, мухолифатдаги «Ўзгаришлар коалицияси» 10,8 фоиз овоз олди.
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили тузган мухолифатчи «Миллий ҳаракат» партияси аъзо бўлган «Грузияни қутқариш учун бирлик» коалицияси 10,1 фоиз овоз тўплади.
Тадбиркор ва TBC Bank асосчиси Мамука Хазарадзенинг «Лело» партияси атрофида бирлашган «Кучли Грузия» 8,7 фоиз овозга эга.
Грузиянинг собиқ бош вазири Гиоргий Гахария бошчилигидаги «Грузия учун» партияси 7,7 фоиз овоз олди.
Бошқа партиялар 5 фоизли тўсиқдан ўтолмади.
Сайлов участкалари ёпилиш вақтида сайловчиларнинг 58,94 фоизи иштирок этди, жами 2 миллион сайловчи овоз берди.
«Грузияни қутқариш учун бирлик» ва «Ўзгариш учун коалиция» сайлов натижаларини тан олмаслигини ва норозилик намойишларини бошлаш ниятида эканини билдирди.
Transparency International Georgia ижрочи директори Эка Гигаури ҳам сайлов натижаларини тан олмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарорни кўплаб нодавлат ташкилотлар қўллаб-қувватламоқда.
Тарихий сайловлар
Сайловда иштирок этаётган барча партиялар, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари ушбу сайловларни мамлакат тарихидаги энг муҳими, деб ҳисобламоқда.
Президент Саломе Зурабишвили сайловларни «келажагимиз Европада бўладими ёки биз Россиянинг таъсири остида бўладими, шуни белгилайдиган бурилиш нуқтаси» деб атади.
«Грузин орзуси» овоз беришни «уруш ва тинчлик ўртасидаги референдум» сифатида тақдим этди, уларнинг сўзларига кўра, мухолифат ва қандайдир «глобал уруш партияси» Грузияни жалб қилмоқчи. Сайловолди ташвиқотида партия Украинанинг вайрон бўлган шаҳарлари тасвирланган баннерлар ва роликлардан фойдаланган, уларга тинч Грузия шаҳарлари қарши қўйилган.
Сўнгги бир йил ичида «Грузин орзуси» кўпроқ Россия тарафдори позициясини эгаллади ва Россия қонунларидан нусха олувчи бир қатор қонунларни қабул қилди. Масалан, май ойида Грузия парламенти оммавий норозиликларга қарамай, «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Бу Ғарб мамлакатларининг салбий муносабатига олиб келди — бунга жавобан Европа Иттифоқи Грузиянинг блокка қўшилиш жараёнини тўхтатди, АҚШ эса мамлакатнинг ўнлаб фуқароларига, жумладан, депутатлар ва ички ишлар ходимларига виза чекловларини киритди.
«Грузин орзуси» асосчиси, миллиардер Бидзина Иванишвили ҳам Грузия 2008 йилги ҳарбий можаро учун осетинлардан кечирим сўрашга ўзида куч топишини айтди. У Россия агрессияси ҳақида гапирмади.