Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Яккасарой тумани «Конституция» маҳалласидаги 576-сайлов участкасида набираси билан бирга овоз берди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети биносида жойлашган участкада у швециялик Йоханссен Питер Лулл ва ҳиндистонлик Жоти Арор кузатувчиларини кутиб олди.
Танзила Норбоева «Газета.uz»га берган интервьюсида овоз беришда иштирок этиш муҳимлигини таъкидлади.
«Ҳар бир инсон бугун сайловларда, парламент сайловларида овоз бериб, бундан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтган бўлса, ўз келажаги ва келажак ҳаёти учун овоз бераётганини англаб етиши керак… Парламент ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайланадиган шахслар давлат учун муҳим бўлган қарорлар, қонунлар қабул қилади. Ва бу, албатта, ҳар бир инсоннинг ҳаёти: бу сиёсий характердаги ёки ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги масалаларга тааллуқли қонунлар бўладими, уларнинг барчаси ҳар бир инсоннинг ҳаётига мутлақо алоқадор», — деди парламент юқори палатаси раиси.
«Шунинг учун бу жуда муҳим ва шу сабабли Сайлов кодексига ҳар бир киши ўзи учун ўзи овоз бериши кераклиги ҳақида ўзгартиришлар киритилди», — дея қўшимча қилди у.
Танзила Норбоева ўтган беш йил давомида аввалги парламент «мамлакатимизнинг келажагини белгилаб берган» муҳим қонунлар қабул қилганини таъкидлади.
«Биз яқинда парламентнинг юқори палатаси ишини сарҳисоб қилдик. Биз буни очиқ амалга оширдик, уни YouTube каналлари орқали кўриш мумкин эди… Барча тараққиёт, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар айнан қабул қилинган қонунлар, қабул қилинган парламент қарорлари асосида амалга оширилмоқда», — деди Сенат раиси.
Парламентнинг роли жуда катта, деб таъкидлади у: «Парламент нафақат қонунлар қабул қилади, балки жойларда, ҳудудларда назорат функцияларини ҳам амалга оширади. Парламент аъзоларимизнинг фаоллигини, маҳаллий даражадаги депутатларимизнинг фаоллигини ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, улар давлатимиз тараққиётида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган».