Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев депутатликка номзоди кўрсатилган фуқароларнинг 99,3 фоизи олий маълумотли эканини маълум қилди.
Қайд этилишича, номзодлар орасида иқтисодчилар 20,2 фоиз, педагоглар 27,9 фоиз, муҳандислар 7,9 фоиз, шифокорлар 9,1 фоиз, ҳуқуқшунослар 16,5 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 18,4 фоизни ташкил этади.
Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 391 нафарни ёки 44,7 фоизни ташкил этди. Бу Ўзбекистон сайлов тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, аввалги сайловларга қараганда номзодлар анча ёшарган. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ўртача ёши 47,2 ёш. Улардан 44,2 фоизи 45 ёшгача бўлганлар, 44,3 фоизи — 45−60 ёшдагилардир. Номзодлар орасида энг ёши 25 ёш.
Ўзбекистонда яшаётган аксарият миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам депутатликка номзодлар орасида бор. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларнинг 973 нафари тожик, 588 нафари қозоқ, 146 нафари туркман, 141 нафари қирғиз, 67 нафари рус ва бошқа миллатларни ташкил этади.
Ўзбекистон тарихида биринчи марта сиёсий партиялар томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди. Бу галги сайловларда Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларига жами 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига жами 24 850 нафар номзод кўрсатилди.