Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) миссияси раҳбари Дуглас Уэйк «Газета.uz»га Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини кузатиш жараёни қандай ўтаётгани ҳақида гапириб берди.
Миссия таркибига Тошкентда бўлиб турганига бир ойдан ошган асосий жамоанинг 14 нафар халқаро эксперти ва 2 октябрдан буён Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ишлаётган 26 нафар узоқ муддатли кузатувчилар киради. Республика бўйича сайлов участкаларига жами 200 дан ортиқ қисқа муддатли кузатувчилар юборилган.
Миссиянинг мақсади — «бу сайловлар қай даражада ЕХҲТ олдидаги мажбуриятлар ва бошқа халқаро стандартларга мос келишини баҳолаш». «Биз қилаётган иш сайлов қонунчилиги, оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқотини қандай ёритиши, номзодларнинг сайловолди кампаниясидаги фаолияти бўйича шарҳ ва баҳолашни ўз ичига олади. Ва, албатта, бугун биз овоз бериш, овозларни санаш ва натижаларни ҳисоблаш жараёнини [баҳолаймиз]», деди Дуглас Уэйк.
У миссия вакиллари сайлов куни жараёнларга баҳо беролмаслигини таъкидлади.
«Сайлов куни — Ўзбекистонда сайловчилар ўз овозини бериши керак бўлган кун. Биз эса узоқ муддат олиб борган кузатишларимизни бу кун қандай тўлдиришини жуда холис, жуда объектив баҳолашимиз керак. Кейинчалик биз бу юзлаб одамлар орқали олиб борган барча кузатувларимизни бугун 60 га яқин вакилини жўнатган ЕХҲТ Парламент ассамблеясидаги ҳамкорларимизники билан бирлаштирамиз», — деди миссия раҳбари.
Миссия 28 октабрь куни Тошкентда бўладиган матбуот анжуманида жорий сайлов бўйича дастлабки хулосаларини эълон қилади. Тадбир трансляциясини бу ҳавола орқали кўриш мумкин бўлади.