2024 йилги сайловда Фарғона вилоятининг энг кекса аёли — 129 ёшли Ҳувайдо момо Умарова ҳам овоз берди. Бувайда тумани «Қорақум» маҳалласида жойлашган 470-сайлов участкаси аъзолари 1895 йилда туғилган, уч асрни кўрган онахоннинг хонадонига келди. «Момо сиёсий жараёнда иштирок этди, юртимизга тинчлик ва омонлик тилаб дуолар қилди», — дея хабар бермоқда ЎзА (агентлик, шунингдек, «мамлакатимиздаги энг кекса сайловчи» 124 ёшли Бийбихон момо Ҳакимниязова ҳам овоз бергани ҳақида ёзган).

Ҳувайдо момо ўз уйида овоз берган бўлса, Сурхондарёнинг Шеробод тумани «Тароқли» маҳалласида яшовчи 110 ёшли Сойиб момо Чориева тумандаги 81-сайлов участкасига бориб, ўзи овоз берди. «Ушбу сайловда ёш авлоднинг келгуси фаровон, осуда ва тўкин турмуши, невара-чевараларимизнинг бахту-саодати учун овоз бердим», — дея момонинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ЎзА.

Фото: ЎзАФото: ЎзА

Кармана туманидаги «Дўмрон» маҳалласида яшовчи Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, 104 ёшли Пирназар бобо Турдиев ҳам тумандаги 96-сайлов участкасига келиб овоз берди. Отахоннинг айтишича, бундай воқеликка фақат бефарқ одамгина жим қараб туриши мумкин. «Шунинг учун ҳам биров уйга боришини кутиб ўтирмай ўзим келавердим», — дейди Пирназар бобо.

Фото: ЎзАФото: ЎзА

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани «Шаҳрихонсой» маҳалласи Зиёнур кўчасида яшовчи 100 ёшли Чиннихон она Ашурова тумандаги 5-мактабда ташкил этилган 863-сайлов участкасига 27 нафар оила-аъзолари — фарзандлари, келин, невара ва чеваралари билан келиб, овоз берди. Онахон 25 бор сайловларда иштирок этаётганлигини таъкидлаб, келгуси сайловларда ҳам қатнашишни ният қилди.

Фото: ЎзАФото: ЎзА

Қариндошлари билан бирга сайлов участкасига келиб овоз бериш бўйича, эҳтимол, андижонлик Қамбарали бобо Ибрагимов оиласига тенг келадигани топилмаган бўлса керак. 88 ёшли отахон жами 70 нафар оила аъзоси билан Балиқчи туманидаги 292-сайлов участкасига борган. «1958 йилдаги биринчи сайловга қатнашганимни эслайман. Қийин даврлар эди. Ўшанда одамлар орасида сайловга ялангоёқ келганлари ҳам бўлганди», — деб эслайди ота.

100 ёшдан ошганлар, сайлов-2024, фото

Айрим сайлов участкаларига шу куни тўйи бўлаётган ёш келин-куёвлар кўтаринкилик олиб кирди. Масалан, Қашқадарёнинг Кўкдала тумани «Бегламиш» қишлоғида жойлашган 765-сайлов участкасига сайлов куни никоҳ тўйи бўлиб ўтаётган Оғабек Жўраев ва Ҳулкарой Нормуродова, Деҳқонобод тумани Тоғайтемир қишлоғидаги 200-сайлов участкасида эса Даврон Имомов ва Сурайё Жовлиева овоз берди.

Бундан ташқари, Бойсуннинг «Газа» маҳалласидаги 11-сайлов участкасида овоз берган Ўрол Норқулов ва Сарвиноз Ҳалиловани, Қизириқ туманидаги 360-сайлов участкасида овоз берган «Тинчлик» маҳаллалик Ўктам Тошбоев ва Фарида Турдиевани ҳам кўрсатиб ўтиш мумкин. «Никоҳ тўйимизнинг муҳим сиёсий кампанияга тўғри келгани ҳам биз учун унутилмас бахт», — дея Ўктам Тошбоев тилидан иқтибос келтирмоқда ЎзА.

«Сайлов никоҳ тўйимиз кунига тўғри келди. Нафақат мен ва келинингиз, яқинларимнинг хурсандчилигини айтмайсизми! Ўзимизга маъқул келган, халқимизнинг фаровонлиги йўлида бир зум бўлса-да, изланиш ва интилишдан тўхтамайдиган номзодга овоз бердик», — дейди Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани «Гулистон» маҳалласида яшовчи, шу куни Заҳрохон билан оила қурган Алишержон Бегматов.

Алишержон ва Заҳрохон Бегматовлар. Фото: ЎзААлишержон ва Заҳрохон Бегматовлар. Фото: ЎзА

Юқорида кекса отахону онахонлар оила аъзолари билан келгани ҳақида ёзилган эди. Қайд этиш жоиз, сайловга фарзандлари ва неваралари билан келиш борасида амалдорлар ҳам ўрнак бўлди.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги сайлов участкалари 20:00 да ёпилади.