27 октябрь куни бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида 15:00 ҳолатига кўра, Бош прокуратура томонидан қонун бузилиши ҳолати аниқланмади. Бу ҳақда бош прокурор ўринбосари Шохрух Аминов брифингда маълум қилди.

Унинг маълум қилишича, прокуратура штаблари томонидан ОАВ ва интернет тармоғида сайловга оид қонун бузилиши ҳақида эълон қилинган хабарлар ҳам ўрганиб борилмоқда.

«Бугунга қадар ижтимоий тармоқлардаги сайлов масаласига оид 16 та турли хабарлар кўриб чиқилиб, бунда қонун бузилиши аниқланмади», — деди Аминов.

Унинг қайд этишича, бугунги кунга қадар прокуратура органларига сайлов масаласида фуқаролар, жумладан, сайловчилар ва номзодлардан жами 6 та мурожаатлар келиб тушган. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрига 2 та, Қашқадарё, Фарғона, Жиззах ва Хоразм вилоятларига 1 тадан тўғри келади.

Мурожаатларнинг 2 тасида Олий Мажлис қонунчилик палатаси, 4 тасида эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилаётган сайловларга боғлиқ масалалар ёритилган. Келиб тушган мурожаатларнинг 3 таси сиёсий партиялар томонидан муайян шахсларнинг номзод сифатида кўрсатилмагани, унинг оқибатида улар сайловда иштирок этолмагани қайд этилган.

«Қонунга кўра, депутатликка номзодни илгари суриш сиёсий партияларнинг мутлақ ваколати ҳисобланади. Прокуратура органларининг сиёсий жараёнга бевосита аралашиши мумкин эмас. Бундай ҳолда қонун талабига кўра фуқаро сиёсий партия марказий кенгашига мурожаат қилиши ёки унинг қарори устидан судга шикоят бериши мумкин. Шу муносабат билан, бундай талаб билан мурожаат қилган фуқароларимизга қонун талаблари батафсил тушунтирилди», — деди у.

Қолган мурожаатлар сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларида ташкилий масалаларга оид бўлиб, ушбу масалалар юзасидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

«Умуман олганда, сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида мурожаатлар, ОАВ маълумотлари штаб томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, қонун доирасида ўрганилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланмоқда», — деди Шохрух Аминов.