27 октябрь куни ўтказилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловолди жараёнида иккита қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов хабар берди.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51 прим 7-моддаси (Сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш) иш очилган.

Хусусан, Тошкент шаҳрида битта ва Самарқанд вилоятида битта ҳолатда сайлов жараёнида биноларга жойлаштирилган ахборот материалларига қасддан шикаст етказилгани бўйича фуқаролар айбдор деб топилиб, улардан бирига жарима жазоси, иккинчисига эса огоҳлантириш интизомий чораси қўлланилган.

Сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари бошланганидан бугунги кунга қадар сайлов ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишларига тўсқинлик қилиш каби ҳуқуқбузарликлар ҳақида судларга ариза киритилмаган.

Олий суд вакилига кўра, халқ депутатлари туман кенгашлари депутатлигига номзодларни кўрсатиш жараёни бўйича иккита ариза ҳамда сиёсий партиянинг фуқарони туман кенгаши депутатлигига номзодлар рўйхатидан олиб ташлангани юзасидан битта даво ариза келиб тушган бўлиб, ушбу аризалар судлар томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилган.