Ўзбекистонда ўтаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида давомат соат 15:00 ҳолатига кўра 62,70 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Бахром Кучкаров маълум қилди.
Қайд этилишича, соат 15:00 гача 19 944 859 нафар сайловчидан 12 504 688 нафари овоз беришда иштирок этган.
Ҳудудлар бўйича давомат қуйидагича:
- Қорақалпоғистон Республикасида 58,46 фоиз;
- Андижон вилоятида 66,64 фоиз;
- Бухоро вилоятида 60,20 фоиз;
- Жиззах вилоятида 66,83 фоиз;
- Навоий вилоятида 58,79 фоиз;
- Наманган вилоятида 68,08 фоиз;
- Самарқанд вилоятида 63,24 фоиз;
- Сирдарё вилоятида 61,70 фоиз;
- Сурхондарё вилоятида 62,72 фоиз;
- Тошкент вилоятида 57,93 фоиз;
- Фарғона вилоятида 69,22 фоиз;
- Хоразм вилоятида 59,37 фоиз;
- Қашқадарё вилоятида 64,26 фоиз.
- Тошкент шаҳрида 54,58 фоиз.
Ҳозирга қадар Владивосток, Сеул, Токио ва Кванжу шаҳарларидаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёни якунланди. Ушбу сайлов участкаларида сайлов натижаларини аниқлаш, бюллетенларни санаш жараёни бошланди. Бошқа хорижий мамлакатларда сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган 57 та участкаси Тошкент шаҳрига бириктирилган. Хориждаги сайлов участкаларида 165 631 нафар фуқаро овоз берувчилар рўйхатига киритилган. Шулардан 132 667 нафари муддатидан аввал овоз берган.
МСК ахборот марказига 1200 қисқа рақами орқали соат 15:00 ҳолатига кўра, жами 131 та мурожаат келиб тушган. 76 та мурожаат фуқароларга сайлов участкасини аниқлаш ёки сайлов қонунчилигини тушунтиришда ёрдам сўраган. Бундан ташқари мурожаатларнинг 8 таси шикоят шаклида бўлиб, уларнинг асосий мазмуни фуқароларнинг сайловчилар рўйхатида йўқлиги ёки фуқарога шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг мобил телефондаги расми орқали сайлов участкаси аъзоларидан сайлов бюллетени берилмагани тўғрисида.