Ўзбекистонда соат 8:00 да Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига депутатлар сайлови бошланди. Овоз бериш 20:00 гача давом этади.
Бу йилги парламент сайловлари тарихда биринчи марта мажоритар ва пропорционал тизимни ўзида мужассамлаштирган аралаш тизимда ўтказилади.
Биринчи бўлиб Ўзбекистоннинг Япония ва Жанубий Кореядаги элчихоналари ҳузуридаги участкалар Тошкент вақти билан соат 4:00 да очилди. Мамлакатнинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари олдидаги участкалар душанба куни соат 5:00 да ёпилади.
Жами 40 та мамлакатда 57 та сайлов участкаси очилган.
«Газета.uz» жорий сайлов нимаси билан фарқ қилиши, ўз участкасини қаерда билиши, депутатлар ва партия ҳақида, шунингдек, овоз бериш қандай ўтиши ҳақида йўриқнома эълон қилганди.