27 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловларини кузатган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги миссияси душанба куни ўтказилган брифингда сайлов жараёнига баҳо берди.
МДҲ миссияси раҳбари Сергей Лебедев «республикада халқаро кузатувчиларнинг ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилган»ини таъкидлади.
МДҲ кузатувчилари депутатлик сайлови Ўзбекистон Конституцияси ва Сайлов кодекси талабларига тўла мос равишда, очиқ, рақобатбардош, адолатли ва демократик сайловларни ўтказишнинг умумэътироф этилган тамойилларига мувофиқ ҳолда ўтди, шунингдек, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши ҳам таъминланди, деган хулосага келди.
«Сайловлар ҳар гал янада уюшқоқлик билан ўтказилмоқда, кўпроқ тайёргарлик кўрилмоқда», — деди Сергей Лебедев. Шунингдек, у сайлов яхши ташкил этилганига, сайлов комиссиялари аъзоларининг тайёргарлик даражасига алоҳида тўхталиб ўтди.
«Сайловчилар юқори сиёсий етукликни намоён қила бошлади. Агар илгари улар сайловларда популистларга ишонган бўлса, энди номзодларни янада тўғрироқ баҳоламоқда. Сайловчилар дастурни, депутатликка номзодларнинг чиқишларини диққат билан кузатиб, берган ваъдаларини бажара оладими, деб сўрамоқда, улар аллақачон асоссиз ваъдаларга берилмаяпти, бу эса депутатлар муносиб сайланишининг кафолати ҳисобланади. Ҳозирги номзодлар — олий маълумотли, катта ҳаётий тажрибага эга одамлар», — деди Сергей Лебедев.
МДҲ миссияси таркибида ҳамдўстликнинг 8 та давлатидан 167 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди. Улар орасида Ҳамдўстлик мамлакатлари марказий сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари, миллий парламентлар депутатлари, дипломатик корпус вакиллари бор.