Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент вилоятининг Қибрай туманида содир этилган қотилликка уринишга алоқадор яна уч нафар шахс ушланди, деб хабар берди Бош прокуратура.

Қўшимча қилинишича, мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 26 октябрга ўтар кечаси Қибрай туманида темир йўл кесишмаси яқинида икки номаълум шахс Президент администрациясининг собиқ ходими Комил Алламжонов ўтирган Range Rover русумли автомобилга бир неча марта ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳайдовчи ва собиқ амалдор жароҳат олмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248- (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

27 октябрь куни эрталаб Бош прокуратура бир гумонланувчи ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.