Марказий банк ижтимоий тармоқлар орқали регулятор номидан фирибгарлик ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Таъкидланишича, фирибгарлар мессенжерлар орқали фуқароларга Марказий банкнинг рамзий белгилари туширилган сохта ҳужжатлар юбориб, уларнинг мобил қурилмаларига зарарли иловаларни ўрнатишга уринишмоқда.

Мазкур сохта ҳужжатларда гўёки фуқаронинг маблағлари хавфсизлигини таъминлаш учун «молиявий хавфсизлик бўйича мутахассис» томонидан айрим амаллар бажарилиши тўғрисидаги ёлғон ахборот кўрсатилади.

Бу орқали «мутахассис» ниқоби остидаги фирибгар фуқаронинг мобил қурилмасига зарарли иловани (хусусан, «Безопасность» номли) ўрнатиш орқали ушбу қурилмадаги расм ва ҳужжатлар, SMS-хабарлар ва қўнғироқлар ҳақидаги маълумотларни яширин тарзда қўлга киритади.

Марказий банк юқоридаги каби ҳолатларга дуч келинган тақдирда фирибгарларнинг алдовларига асло ишонмасликни, иловаларни эса мессенжерлар орқали эмас, балки расмий Google Play ва App Store дўконларидан ўрнатиш кераклигини маълум қилди.