Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида эр-хотин ва уларникига меҳмонга келган йигит, жами уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 18 октябрга ўтар кечаси содир бўлган. Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази Қорақалпоғистон филиали шифокори соат 07:51 да ИИБга қўнғироқ қилиб, ўлим билан боғлиқ ҳолат ҳақида хабар берган.
Ички ишлар бўлимига Нукус шаҳри 23 кичик туманда яшаган 25 ёшли А.Я., унинг 23 ёшли хотини М.Я ва уларникига меҳмонга келган 27 ёшли А.Т ис газидан заҳарланиб вафот этгани тўғрисида маълумот берилган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида А.Я, М.Я. ва А.Т уйнинг иситиш қозонхонаси мўрисидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этгани аниқланган, дейилади Бош прокуратура хабарида.
Айни пайтда ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.