АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳукумати 26 октябрь куни Грузияда бўлиб ўтган парламент сайловларида йўл қўйилган барча қоидабузарликларни текширишга чақирди. Давлат котиби Энтони Блинкен ўз баёнотида халқаро ва маҳаллий кузатувчилар «сайлов натижаларини эркин ва адолатли деб тан олмаганини» таъкидламоқда.
«Грузиянинг жўшқин демократияси 2004 йилдан бери куч манбаи бўлиб келмоқда ва кечаги иштирок Грузия халқининг демократияни қабул қилишини кўрсатади. Бироқ 2024 йилда халқаро ва маҳаллий кузатувчилар ҳукмрон партиянинг давлат ресурсларидан нотўғри фойдаланиши, овозларни сотиб олиш ва сайловчиларни қўрқитиш билан тавсифланган сайловолди муҳитини қайд этди, буларнинг барчаси нотекис ўйин майдонига замин яратди ва адолатли натижага бўлган жамоатчилик ва халқаро ишончга путур етказди», — дейилади баёнотда.
«Биз халқаро нормалар бузилишини қоралаймиз ҳамда халқаро ва маҳаллий кузатувчиларнинг сайлов билан боғлиқ барча қоидабузарликлар ҳақидаги хабарларни тўлиқ текширишга чақириқларига қўшиламиз», — деди Блинкен.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель, ўз навбатида, EХҲТ институтларидан бири бўлган Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюронинг хулосаларини келтирди. Бюронинг таъкидлашича, сайлов куни кескин вазият, овоз бериш яширинлигининг тез-тез бузилиши ва бир қатор тартиб-қоидалар номувофиқлиги, шунингдек, сайловчиларга нисбатан қўрқитиш ва босим ўтказиш ҳолатлари билан тавсифланган.
«Бундан ташқари, кузатувчилар тенг бўлмаган шароитлар, сайловолди кампаниясининг қутбланган муҳитда ўтказилишини ва яқинда қабул қилинган қонунларга киритилган ўзгартиришларнинг ушбу сайлов жараёнига таъсиридан жиддий хавотирда эканини таъкидлади», — деди Боррель.
Европа дипломатияси раҳбари Грузия Марказий сайлов комиссияси ва бошқа ҳокимият органларини «ўз бурчини бажаришга ва сайловлар билан боғлиқ қоидабузарликлар бўйича тезкор, шаффоф ва мустақил текширувни таъминлашга ҳамда қарорлар чиқаришга» чақирди. «Бу қоидабузарликларни тушунтириш ва бартараф этиш керак. Бу сайлов жараёнига ишончни тиклаш учун зарур қадамдир», — деди Боррель.
Грузия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, парламент сайловларида «руспараст» сиёсий куч деб аталадиган ҳукмрон «Грузин орзуси» партияси ғалаба қозонган.
МСК партия 53,93% олганини маълум қилди. Шунингдек, Ғарб билан янада яқинлашиш тарафдори бўлган тўртта мухолифат партияси парламентга ўтди. Мухолифат сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди. «Ўзгаришлар учун коалиция» альянси ва «Ягона миллий ҳаракат» партияси вакиллари мандатларидан воз кечди. Грузия президенти Саломе Зурабишвили сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва фуқароларни норозилик намойишлари ўтказишга чақирди.